• ЎЗ СЎЗИНИ АЙТИШ АРМОНИ

    Муртазо ака учун шоирлик касб эмас. Шеърияти ички бир эҳтиёжнинг, исёнкор руҳий кечинмаларининг, йиллар давоми қалбида тугилиб келган дарднинг ҳосиласи. Дастлаб аччиқ, шафқатсиз, сўнгра эса шукрким, ҳаловатли турмушининг таржимони.
    Муртазо ака учун шоирлик – қисмат.
    У дастлабки шеърларидан бошлаб замонасозлик қилмади, туғёнли қалбида талотум қилган эҳтиросларни ёшлик ғайрати-шижоати билан куйлай бошлади. Дастлабки шеърий машқлари билан ўзбек шеъриятининг Ғафур Ғулом, Зулфия каби атоқли намояндалари назарига тушган ёш шоир безовта қалбининг тийиқсиз туйғуларини жиловлай олмади. Ўша давр ижтимоий тузумини қаттиқ танқид қилиб «Тайпоқ ҳовуз» достонини ёзади. Таниш-билишларига, ҳамкасбларига ўқиб беради. Достон ҳали чопнинг юзини кўрмасдан ёш шоир сиёсий маҳбус сифатида қамоққа олинади…
    Озодликка чиққач, шеър ёзмаслик учун қаттиқ огоҳлантирилади. Бу ҳам етмаганидек, Ўзбекистондан Тожикистонга сургун қилинади.
    Муртазо ака берган ваъдасида турди. Узоқ йиллар қўлига қалам ушламади. Шоирликни тарк этди гўё. Инсон қалбининг, руҳиятининг шифокори бўлмоқчи эди. Афсус… Лекин ўксимади, узлатнишинлик қилмади.
    Шифокорлик касбини эгаллади. Йиллар давомида Кўлоб, Вахш, Қўрғонтепа мавзеъларида минглаб инсонларнинг дардига шифо бахш этди.
    Аммо… кўнглини бир армон, белгисиз бир армон эзиб келди, эзғилаб келаверди. Ўз сўзини айтиш армони…
    Зотан, Худо берган туйғуларни одамизод фарзанди жиловлашга қодирмикин?..
    Ва яна қўлига қалам олди. Ўттиз йилдан сўнг…
    Узоқ муддат русча ўқиб, иш юритганлиги сабаб фикрини ўзбекча ифодалашни деярли унутиб қўйганди. Отамерос қатъият ва меҳнатдан чўчимаслиги қўл келди. Ўқиб-ўрганди. Кенг истеъмолда бўлмаган сўзларни луғат тузиб, ўзлаштирди. Бу машаққатли ишда унга жон дўсти қўрғонтепалик таниқли устоз, жонкуяр мураббий Муҳаммаджон Турсунов елкадош бўлди. Ёши олтмишдан ошган Муртазо ака Муҳаммаджон Турсунов домланинг дарслари жадвалини ёзиб олиб, белгиланган вақтда ўзбек тили ва адабиёт дарсларига қатнаб, ўқувчилар қатори тил ўрганди. Бундай қатъиятга ҳавас қилсак арзийди.
    Тинимсиз шеър машқ қилди.
    Муртазо ака давр тақозоси билан бўғиб қўйилган туйғуларини назмий услубда ифодалайди. Ўз сўзини айтиш, эҳтиросларини бошқалар билан баҳам кўриш иштиёқида ёнади.
    Юқорида айтганимиздек, Муртазо акага шоирлик касб эмас, балки тақдир. Тақдирни эса таҳрир қилиб бўлмайди.
    Абдулло ЗУҲУР.

  • ШУКРОНА

    Вахш водийсидан чиқариб овоз,
    Юртимнинг ҳолидан берайин хабар.
    Агар байтларимни айласам оғоз,
    Ўқиган кўз ёшин тиёлмас магар.

    Эътиқоду маслак бўлиб баҳона
    Қирғин чиқди – элнинг эзилди бағри.
    Ватан харобага айланди буткул,
    Бадбахтлик бахш этди урушнинг жабри.

    Халойиқ кезинди сарсон, дарбадар,
    Озурда дилларнинг туганмас ранжи.
    Оғакуш жанг берди энг ёмон самар,
    Завол топди тинчлик – элимнинг ганжи.

    Ирамдек боғлари бўлганда пайҳон,
    Дийдалар қон тўкиб, эзилди қалблар.
    Фалакнинг гардиши солганда даҳшат
    Дарёлар қонталаш бўлиб оқдилар.

    Одамзод жасадин бурда-бурдалаб,
    Тантана қилишди ўлаксахўрлар.
    Териларин шилиб, қулоғин кесиб,
    Нокаслар етказди жабру озорлар.

    Бағирлар тирналди муртад дастидан,
    Ўта маҳзун эди дард тўла диллар.
    Эртага не бўлар – билмасди ҳеч ким,
    Шодликни билмасди ўксук кўнгиллар.

    Азадор қочоқлар қақшаб-қалтираб
    Нажотни кутишди Парвардигордан.
    Оввора кездилар ўзга юртларда,
    Қалблар зардоб эди ғаму озордан.

    Йўқчилик, жудолик, ғариблик умри,
    Тугаётир, ақл – соҳиби минбар.
    Ваҳдатдан Ватаннинг эртаси нурли! –
    Деб чорлар юртбоши – Раҳмонов сарвар.

    Ваҳдатни қўллади Абдулло Нурий,
    Элнинг тинчи, юртнинг истиқболи-чун.
    Ҳам дебки: тотувлик – халқнинг чин йўли,
    Миллий яраш этгай элни бир бутун.

    Ваҳдат тараққиёт имконимиздир,
    Ваҳдат – орзуларнинг нақд натижаси.
    Ваҳдат эътиқоду имонимиздир.
    Ваҳдатда ушалар ният барчаси.

    Ўтган ҳар кунимиз – битта зарварақ,
    Зарварақ мазмуни – инсон ҳаёти.
    Бугун бизлар тушган серҳашам заврақ,
    Эшкагидир бозор иқтисодиёти.

    Юртга мустақиллик – гул очган орзу,
    Ўтиш даври – бизга нотаниш кўча.
    Ундан кимдир толеъ топгану рози,
    Ва яна бу йўлда довдирар неча.

    Ўтиш даври деган муддат – шафқатсиз,
    Ҳукмини ўтказар – чидаймиз ночор.
    Ҳар соҳада бўҳрон юз берар ҳадсиз,
    Ишсизлик, йўқсиллик, машаққатлар бор.

    Сарваримиз файзу баракатидан
    Низо ва адоват топди интиҳо.
    Хушхабар тарқалди ҳар томон нурдай,
    Барқарор осойиш, юртда иттифоқ.

    Пайғамбар мисоли оёққа туриб,
    Нажоткор хилъатин ташлаб елкага.
    Юзма-юз халқи-ла сўзлашди борин,
    Тан олди: машаққат тушмиш чекига.

    Оқиллик ҳар қачон оқлаган ўзин,
    Юртбоши имзолар қутлуғ фармонни:
    «Етмиш беш минг га. ер деҳқонга текин…»
    Ўшандан буён эл тўйиб ер нонни.

    Таҳамтан Рустамдек ишга киришиб,
    Берган ваъдаларин бажарди барин.
    Халқ уни қўллади, у эса халқни,
    Дадил қадам ташлаб келажак сари.

    ООН минбаридан сўзлади такрор,
    Тожикнинг жаҳонга ёйди номини.
    Аҳли жаҳон қутлар бугун бизларга
    Худонинг бахш этган бу инъомини.

    Помир тоғларида мўъжизали сув
    Тенглашар таққосда қуёш нурига.
    Фалак ҳам тан олган Сарезни – сулув,
    Суви умр қўшар одам умрига.

    Деди у: соғлиқни сақламоқ лозим,
    Авайламоқ лозим бутун дунёни.
    Тежаб ишлатилса, ичимлик сув-ла
    Сероб қилиш мумкин бутун жаҳонни.

    Юртбоши ақлидан яралган ваҳдат,
    Удир халқимизнинг мададбардори.
    Ваҳдат эрур асли илоҳий бир бахт,
    Ваҳдатда низонинг тугар мадори.

    Табаррук ғояси қалбимизда жо,
    Бу ғоя бизларга келтирар зафар.
    Тақдирга шукрона айтамиз мудом,
    Насиб этди бизга донишманд раҳбар!

    Ёш-қари миннатдор қилишар изҳор:
    «Раҳмонов оёққа турғозди бизни!»
    Эй, элимнинг жасур яловбардори,
    Бахтимизга Худо асрасин Сизни.

  • НАФОСАТ КАРВОНИ

    (Қўшиқчи Ш. Жўраевга)
    Қўшиқ оламида шуҳратли ҳоқон,
    Куй-қўшиқ мулкида ҳеч туганмас кон.
    У куйласа қалблар титрар беомон,
    Санъатига қойил: олқишлар замон.

    Овози мудраган дилни уйғотар,
    Куйлари шарқироқ сойдайин оқар.
    Уни Айнул Ҳаёт булоғи дерлар,
    Шерали қўшиқла дунёга боқар.

    Қўшиғин мағзида қалблар нидоси,
    Куйласа, гул очар қувонч дунёси.
    Куйласа, тош қалблар эрийди мумдек,
    Шундай қўшиқчининг жоним фидоси.

    Навоий ҳасратин айтолган Шер у,
    Мунглининг кўнглини кўтарган эр у.
    Қўшиқ-ла дилларни дилларга боғлаб,
    Инсонни бахтиёр кўраман дер у.

    Шерали қўшиғи мусаффо тонгдир,
    Ўзликнинг маъносин англатган онгдир.
    Орзусига орзу, хастага жондир,
    Жаҳонда ўзбекка абадий донгдир.

    Фирдавсий, Саъдий, Жомий, Навоий
    Башарнинг бахтидир, такрори – бўлмас.
    Мумтоз Шералидек соҳир қўшиқчи,
    Дунё саҳнасига минг йилда келмас.

    Эркину Абдулла, Муҳаммад, Шодмон,
    Элимга эрурлар туҳфаи даврон.
    Ўшбекка Каримов сарвари аъзам,
    Шерали – нафосат юкланган карвон.

  • ТАҚДИР

    (Автобиографик достон)

    КИРИШ

    Ёшлигим – олтин даврим, орзулар оғушида,
    Ёнарди дил ҳаприқиб, ҳурлиқолар қошида.

    Тириклик ташвишлари ўзгаларга ёр эди.
    Менга ҳамдам дарди ишқ – чаманда гулёр эди.

    Аъло бўлса ўқишим, – дердим, – дорулфунунда,
    Ва яна ёр васлига мушарраф бўлиш кунда.

    Таҳсилимни тугатиб, шифокор бўлай дердим,
    Дардлига малҳами жон бўлмоқнинг ғамин ердим.

    Дердимки, камолимдан қувонсин қадрдонлар,
    Ва яна ака-ука, ҳамқишлоқ меҳрибонлар.

    Хуллас, орзу йўлида кўп талошим бор эди,
    Бу олам кўзларимга боғ эди, гулзор эди.

    Не билай бу ҳаётнинг можарога конлигин,
    Қувончни ғамга буриш ишида чаққонлигин.

    Ҳам яна сиёсату пулпарастлик ғаразин,
    Эркин фикр қасдига яратилган қафасин.

    «Бошга тушса кўз кўрар» қабилида иш бўлди,
    Бир тасодиф бошимга аламли ташвиш бўлди.

  • Страница в разработке

  • I – БЎЛИМ

    УР-УРЛАРДАН НАСИБА

    Купа-кундуз. Соат уч. Трамвайда ёнма-ён,
    Гул-гул ёниб сўйлайди орзуларидан жонон.

    Бир бекатдан чиқишди беш-ўнтача йўловчи,
    Ёш эдилар, олифта, бепарда сўз сўзловчи.

    Унга-бунга туртиниб, қизларга шилқимланди,
    Безориликларидан кўп виждонлар қийналди.

    Ўзаро гапи қочиб, бошладилар ур-йиқит,
    Оёқ остида қолди қон тупуриб кўп йигит.

    Йўловчилар раҳмдил: тинчитмоқчи бўлдилар,
    Мен ҳам бордим кўмакка, жангарилар кўндилар.

    Навбатдаги бекатда кутиб олди милиса,
    Ҳужжат қилди бирма-бир йўловчилар, не деса.

    Безориларни сўнгра трамвайдан туширди,
    Сен ҳам юр деб, отделга, елкамга бир мушт урди.

    Гулсанамим ялинди, кор этмади кўз ёши,
    Қочмоқчийдим «чурр» деди, етди неча йўлдоши.

    Ночор қолиб хайрлашдим севикли санам билан,
    «Дўстларимга айт!» — дедим дил тўла алам билан.

    Отделдаги қафасда ўшал оқшом қон ютдим,
    Бундай «насиба»дан тез қутулишга кўз тутдим.

  • СУҲБАТ

    Тун. Зиқна хомушликни ҳовучлаган камера,
    Ўкинч тўла хаёллар тутқич бермайди сира.

    Шифт кўкида милтирар занжир чангалда чироқ,
    Кезар уйқу каптари кўзим домидан йироқ.

    Яримлади қора тун. Эзғилаган оромим,
    Қўққис эшик очилиб, дағал айтилди номим.

    –Студент Муртазо, суҳбатимиз бор пича,
    Тонг-ла жавоб бўлурсиз, оёққа етди кеча.

    «Суҳбатхона» – ёруғ жой, Дзержинский деворда,
    Қоғоз, қалам, портсигар, магнитофон столда.

    Уст-бошлари хўп башанг, елкаси қўш юлдузли,
    Бир йигит қарши олди, бирмунча илиқ сўзли.

    –Вазифамиз асли шу: аниқлаш сабабларни,
    Эл тинчин бузиб кимлар бошлар тўполонларни?

    Бир гуруҳ безорилар муштлашмиш трамвайда,
    Сиз ҳам бўлган экансиз ўшаларнинг сафида…

    Ўзим кўрган аҳволни сўзладим холисона,
    Ходим жиддий бир тусда тутди саволга яна:

    –Шоиртабъ ҳам экансиз, кўрдим битганингизни,
    Ўқиш учун, айтинг-чи, кимга тутганингизни?

    Ошиқона шеърларни моҳирона битгансиз,
    Илҳом шавқида гоҳо ўзни ҳам унутгансиз.

    Ўқийман: «Сен баҳорсан, баҳрим очар хуш сабо,
    Лабинг узра қаро хол шавқим кўзғар, дилрабо.

    Боғларим файзи ўзинг, ҳам умримнинг безаги,
    Ҳурлиқолар аълоси бу мушкин олам аро.

    Зулмату нур ҳамроҳим соғинч ила ёнганда,
    Фироқ дарди айлади висол йўлини қаро…

    Ёки: «Ҳур Ватаним гул очади ҳар соҳада,
    Боғлари мушк таратар субҳидам шабодада.

    Илм-ҳунар шарофати юртим обод айлади,
    Гулдай бўлиб чиройи, дилларни шод айлади.

    Ильич нури ҳам йўлни, ҳам онгни нурлантирди,
    Ильич фикри хуш ҳаёт сарига руҳлантирди…»

    Ашъорларингиз ўқиб, таҳсинлар дедим чиндан,
    Келгусида зўр шоир чиқади албат сиздан.

    –Мақтовга раҳмат, ака, ҳозирча ҳаваскорман,
    Эзгу орзу йўлида туну кунлар бедорман.

    Элу ишққа садоқат рамзи муҳаббатимдир,
    Ватаним ҳам партия борлиги чин бахтимдир.

    Дея олдим ходимнинг мақтовларига эриб,
    Гўё шеърим сўзладим ҳаяжонга берилиб.

    Ходим бир оз ўзгарди, ижирғанди, тўлғанди,
    Ранги учиб негадир, кўзлари совуқ ёнди.

    –Ёзганингиз барчаси таърифга лойиқ эмас,
    Мазмунини тушунган оқил ҳеч раҳмат демас:

    «Марказком котиблари бузар ахлоқ нормани,
    Ҳеч тортинмай оларлар «совға» дея порани.

    Қариндошдир ён-атроф: авжида тўрачилик,
    Халқ ишига соҳиб йўқ – боқ: ўзи бўларчилик.

    Социалистик тузумни бошлиқлар бузяпти,
    Таназзулга юз тутди – халқ умидин узяпти.

    Тилда шиор қуруқ сўз-мазмунсиз баланд хитоб,
    Мансабдор – жиноятчи, партия номи ниқоб.

    Қонунга хилоф ишлар рўй беради ҳар лаҳза,
    Сир қолади ёпиғлиқ – амалдорларга маза.

    Чунки ғоят мустаҳкам ҳамтовоқлик занжири,
    Марказкомда бор доҳий – қонунбузарлар пири».

    Ва шунга ўхшаш яна тўҳмат тўла валдираш,
    Ғаразли таъна-дашном пок дилларга солар ғаш.

    Кечаги муштлашувлар унутилар – ўткинчи,
    Лекин бундай шеърлардан бузилар давлат тинчи.

    Шўро тузум давлати тайпоқ ҳовуз мисоли,
    Синовлардан ўтолмай, буҳронга дучор ҳоли…

    Гап бошқаю иш бошқа бўлиб қолди оддий ҳол,
    Ўғри топди эътироф – кун кўриш покка маҳол.

    Сиёсатга зид гаплар қутқуларга чорловчи,
    Буни ўқиб кўпаяр шўрони хорлагувчи.

    Ростига кўчай энди бундай оғир гаплар-чун,
    Қонун қўли шафқатсиз, ишга солар бор кучин.

    Халқ душмани бўлибсан, жойинг турма умрбод,
    Юртдошлар осойиши сен туфайлидур барбод.

    Шўро тузум нон берди, этди илмга йўлдош,
    Партия кўрсатмаси тақдир йўлига нурпош.

    Ватанга раҳнамодир чинакам фидойилар,
    Буни англамас шаккок – имконидан айрилар…

    Пул, конспект, портфелим ажратилди бир томон,
    Шеър-машқлар дафтарим жойланди сейфга равон.

    Хато қилиб қўйдимми, наҳот адашган бўлсам?
    –Боплабсан-ку роса, — деб мақтаганди Гулсанам.

    Тақдиримнинг эртаси даҳшатга солди мени,
    Юзим бўйлаб дарёдек кўз ёшларимнинг сели.

    Ўқишим нима бўлар? Акамнинг меҳнатлари,
    Беш бола ризқин қийиб, бир мени боққанлари.

    –Қамалибдими? Нега? Борми бирон балоси?..
    Ўтди дилдан бир онда мудҳиш фикр ҳаммаси.

    Қамоқхона эшигин Гулсанамим чертарми?
    Ёки гулдай ёримни бир бегона элтарми?

    Бўса талаб елларга гулғунчаларнинг нози,
    Сеҳрлади борлиғим дардли булбул овози.

    Оқшом кўкни мунаввар эта олган сулув ой,
    Юртим чаманзорига бахшида этган чирой.

    Жажжи жиянчаларим ўт-оловдек шўхлиги,
    Мадҳига ғазал битган Самарқанднинг кўҳлиги.

    Дарёларнинг шовуллоқ аллаловчи қўшиғи,
    Чақмоқ юлдуз сайргоҳи – мовий осмон бўшлиғи.

    Мактабдошлар, устозлар суҳбатининг лаззати,
    Доми ишққа асира сулув қизнинг илк хати?

    Ака-ука, хешларнинг интиқ тўла соғинчи,
    Ўт нафас ошиқона шеърлар – кўнгил овунчи.

    Менсиз ғариб, шайдосиз, наҳот қолса мунғайиб,
    Деган ўйлар бағримни кемирди ўйиб-ўйиб.

  • ИЛТИЖО

    Пагонли амакига ёлвордим такрор-такрор,
    Йиғлаб-йиғлаб айладим илтижоларни қатор:

    –Сўзларингиз даҳшатли англаб етдим, амаки,
    Партиямиз шаънига шеърлар битибман чакки.

    Тавбам чиндир, инонинг, қўлимга тутсам қалам,
    Бузсам аҳдни, бир умр мотам бўлсин насибам.

    Ё кесинг қалам тутган ушбу саркаш қўлимни,
    Ё суғуринг тилимни, ё ушатинг белимни.

    Раҳм айланг, урушда қурбон бўлганлар отам,
    Эрта элтган онамни тупроққа ғуссаю ғам.

    Етимликнинг чангали жабр қилган аёвсиз,
    Ота-онасиз онлар бўлмади менга оҳсиз.

    Дард кўрмасин бошингиз, ғўрман, қўлланг, амаки,
    Партиямиз шаънига деган сўзим хашаки, —

    Кўш ёш ила илтижом нишонга тўғри тегди,
    Тақдирим соҳибининг иродасини енгди.

    Кўнгли бир оз юмшади, чеҳраси ҳам очилди,
    Қайтариб нарсаларим, ушбуни таъкид қилди:

    –Конспект, портфелни олингу, тилхат ёзинг,
    Машқларингиз қолади, қадамни билиб босинг.

    Темир сандиқ, жавони зич ёпилди тиққа-тиқ,
    На чора, хуноб кўнгил ўз ҳолига бўлди зиқ.

    Хайрлашдим шошилинч, минг шукр: эрк ўзимда,
    Ётоқ томон учдим мен, ёш чарх уриб кўзимда.

  • II – БЎЛИМ

    Йўл тополмас шикоят сиз кўзлаган манзилга,
    Раҳбар сўзин рад этган ёвдир социализмга.

    Райком, Обком, Марказком бошқарар фикрларни,
    Жазолайди аёвсиз онги қолоқ «кир»ларни.

    –Зиёлию деҳқон халқ – фикри бузуқ тоифа,
    Назоратни сусайтган! – обком гапи ҳар дафъа.

    Улуғлашга муносиб шўро тузум, партия,
    Душман ўша – танқид сўз деса улар шаънига.

    Билиб бўлмас ҳаётда ким ҳарому ким ҳалол,
    Ўғри топиб эътибор, кун кўриш покка маҳол.

    Бу йўсинли сиёсат дилда нафрат ўйғотди,
    Қўлга қалам тутдириб, мени ижодга тортди.

    Хом сут эмган бандаман: яксон бўлди аҳдларим,
    Шўро, фирқа шаънига танқид тўла гапларим.

    Безовта тепиб юрак, тинчлик бермас, бешафқат,
    Эл ичра тарқаб кетди – ёзганларим ҳақиқат.

    «Эркину обод дунё!» – етмиш йиллик шиори,
    Яшнаганмиш азалдан Советларнинг диёри.

    Қоғозда ҳам оғизда қадрли инсон шаъни,
    Бу гапларга ҳайрон эл: ҳаётда амал қани?

    Шўро тузум тартиби Комфирқанинг измида,
    Қулуқчи, югурдаклар раҳбарликнинг тизмида.

    Сиёсий Бюро ҳукми кимларгадир асқотди,
    Кимгадир шу дунёда чиндан жаннат яратди.

    Элнинг гули – фикри ҳур, олим, шоир, санъаткор,
    Дарбадар ўзга элда-юртда ақл бўлгач хор.

    Ҳаёти тинч, вақти чоғ, қорни тўқлар саноқлик,
    Минг-мингларнинг толеи тасодифларга боғлиқ.

    Нопок раҳбар – бемалол умри ўтар айш суриб,
    Халқ мулкини қилади ҳеч ўлчовсиз тасарруф.

    Хотин-қизлар тақдири ўйинчоқ гўё унга,
    Сулув, силлиқ хонима талаб қилар ҳар тунга.

    Жиноятчи хотиржам: қўл келар унга пора,
    Йирикроқ узатилса «катта» топади чора.

    Тамаъ, шуҳратпарастлик инсонни этди ёвуз,
    Шўро тузум-саёз гап, мисоли тайпоқ ҳовуз.

    Ишондик ваъдаларга – фидойимиз Ватанга,
    Комфирқамиз мақтовда, «меҳр» сочар оламга.

    Ўзимизча ғурур-ла шеър бағишлаб панада,
    Баъзи дўстлар қайрайди: танқид ортсин янада.

    Истеъдодни халқимиз бахтига бағишланг дер,
    Совет тузум шаънига танқидни олқишланг дер.

    Дўстликнинг рамзи эмиш гербдаги ўроқ-болға,
    Ким-кимга дўст эканин, эл орала, сўроқла.

    Гап ўргатар нечалар астойдил ўнгу сўлда,
    Танқидий шеърлар битдим ғайрат-ла қалам қўлда.

    Ўзим гувоҳ: бор эди Азим Ҳайит дегани,
    Обкомнинг у бошлиғи, тузган қора режани.

    Зўр эди раҳбарликда, қилди кўпни айбдор,
    Неча покдил бўлиб ҳибс – турма ундан миннатдор.

    Дам олар особнякда, хизматида канизак,
    Бўлиқ болдир, тик кўкрак ҳордиққа эмиш газак.

    Сийна аро сизгандай Эрам боғин булоғи,
    Кўркам кўкрак диркиллаб ҳавасни тортган чоғи.

    Гўё у-чун бу гулни яратган жаннат боғи:
    Қамаштирар нигоҳни болдир, қуйруқ ўйноғи.

    Қизлар қаймоқ танаси вужудни ёндирса ҳам,
    Гоҳ кексалик панд берар – Ҳайитга қилар алам.

    Шуҳратли курортларда бор эрур хосхонаси,
    Зор кутарди ташрифин ҳар курорт жононаси.

    ЦК – ходим қўмсади Қора денгиз соҳилни,
    Ҳамроҳ бўлди уч гўзал – ноқонуний хотини.

    Ўн тўрт ёшли Офтобхон, ҳам Кумушой ўн бешда,
    Ўн еттини тўлдирган Фариштамоҳ шу қишда.

    Азим Ҳайит ардоқда: Кумушсанам: «Граф» дер,
    Офтоббону гал келса дер уни «Импиратор».

    Бўса ширин ҳам асал Офтоббону қошидан,
    Пул шопирар «Граф»бой Кумушойнинг бошидан.

    Фариштамоҳ суяди: сиз мангу ҳоқонимсиз,
    Умримга вафо рамзи: юриб турган қонимсиз.

    Зўрники зўр-да кўринг, тегирмон тош бўй эгар,
    Ундан хонимчаларга пулу совғалар тегар.

    Умрида оғир меҳнат ҳам офтобни кўрмаслар,
    Танин қўяр гаровга виждони уйғонмаслар…

    Меҳнат, ижод – ҳамроҳим, умрим ўтмас бекорга,
    Ёзганимни тутаман Шоди, Дурди ҳамкорга.

    Бош ҳакамим ўшалар – ёзганим топар қадрин,
    Мақтовларга кўмарлар ёзганларимнинг барин.

    Таърифлар илҳомимга бағишлайди ўш қанот,
    Шўро тузум иллатин ҳажв этардим ботма-бот.

    Не кўргулик эди бу: КГБ кишанлади,
    Зўрлик, таҳқир чаёни жигаримни нишлади.

    Икки ойча зим-зиё ертўла макон бўлди,
    Ҳақсизликнинг чангали кўп озори жон бўлди.

    Қўлда кишан, дилда ғам, борлиғим абгор эди,
    Бир кун тонг-ла соқчилар Обкомга мени элтди.

    Даҳшат солар юракка Обкомнинг кошонаси,
    Зулм салтанатининг шунда гўё пояси.

    Қора чарм қопланган эшик очди даргоҳин,
    Ичкарида учратдим ушбу даргоҳнинг шоҳин.

    Оғзи тўла тилла тиш, нигоҳда қудрат, кибр,
    Суст босиб вужудимни, қалтироқ тутди дир-дир.

    Муродовдир Обкомнинг золимларин сарвари,
    Яралади қалбимни сўзларининг заҳари:

    –Тик тургин, масовланма, ўзбошимча энағар,
    Қасамбузар шаънига азалдан лаънат ёғар.

    Қалам олиб қўлингга, фаҳмсиз, ҳўккизмижоз,
    Комфирқани ёмонлаб қораладингми қоғаз?!

    Туёғингни кесаман, ҳар амримга интизор.
    Биласан-ку: сендайга лойиқ Қоровул бозор!1

    –Хўш, гапир, эшитайлик: иғво, тўҳмат не учун?
    Партияни қоралаб, оласан кимнинг ўчин?

    Вилоятдан Марказга юмалоқ хатни такрор,
    Имзосиз битиб йўллаб, этдинг барчани безор.

    Сендайин иғвогарга йўқ ўрин орамизда,
    Эркнинг қадрин англатгич жойга юборамиз-да…

    Гувоҳ – ҳамкасбим Дурди ҳам Шодижон улфатим,
    Сирдошлар, «кўмаги»-ла нақд бўлди-ку кулфатим.

    Иккиси ҳам жилмайиб: «рост, — деди, — қўйилган айт,
    Жиловлансинки, духтур кетди жуда талтайиб».

    «Катта» ҳамда хоинлар қуйдилар яккалатиб,
    Аммо шоир дўстлари турмадилар тош қотиб.

    Не сабабдан бу дамлар ҳақиқат ҳимоясиз,
    Ҳақиқатни тепкилиб, этмишдирлар соясиз!

    Ҳақиқатдан алкимга пок юраги ўртаниб,
    Сўзлай кетди чидолмай Шарифи Рауф ёниб:

    –Тарихда кўп мисоллар, шундай келган азали:
    Зўрнинг ўтган даъвоси, бўлса ҳамки ғаразли.

    Ҳамкор менга Муртазо, ғоят ҳалол шифокор,
    Шоирлик қалами бор, ғиррамликдан этар ор!

    Учратмадим хулқида тўҳмат, ғийбат, иғвони,
    Яратган ҳам кечирмас юкласак йўқ гуноҳни.

    Муртазонинг кулфати кимларнидир этса шод
    Ўйланг, ўртоқ биринчи, завол топгай истеъдод.

    Кенг йўл беринг шоирга, орзулари гул очсин,
    Унинг маърифатидан онгдан жаҳолат қочсин…

    Рауф Шариф сўзлари кўпларга таъсир этди,
    Аммо Муродовни-чи жуда хунук эснатади:

    Жимлик чўкди орага, сукут ҳукмрон буткул,
    Лаб очади инсофдан Холматов Мусулмонқул:

    –Тупроқ-қариндошимиз, чорлар бир кун бағрига,
    Ёруғ дунё ташвишин барҳам берар барига.

    Устун бўлган эмас-ку Дунё тоқига инсон,
    Дорул фанога кетган барча ҳам бўлиб бир сон.

    Кашоналар ғанимат, қулайди келса они,
    Ким эди-ю не бўлди чингизхонларнинг номи.

    Имкони бор ҳозирча, сиз бўлиб сахий қуёш,
    Йўлимизни, ёритинг, баҳра олсин қари-ёш.

    Зулм йўли кўп бўлар, кўпга тегар касрати,
    Ундан ошар элимиз зиёлисин ҳасрати.

    Зиёлилар сараси қишлоқдошим Муртазо,
    Қораламанг, айбсиздир, лойиқ эмас ҳеч жазо!

    Фирқа қули – қодир, беқиёс қуллуқчиси,
    Чин дўстлар ўгитидан ўзгариб юзин туси.

    Қутириб, сочиб, тупуқ, ғазаб ичра сўз қотди,
    Гўё ҳар битта бошга ажал элтар тош отди:

    –Суяксиз тилингни тий, аккилама, сабака,
    Бунча қалтис сўз айтинг, сен ватансўймас ҳаққа.

    Комфирқа таълимоти ҳайф субутсиз дуракка,
    Жойларнинг темир қафас, дардингни айт фалакка!

    Якун ясади-ю катта ва айлади ишора,
    Қизил шапка югурдак ғоят чаққон шу ора.

    Шоир қўлин қайириб, урилди пўлат кишан,
    Топталди адолату хўрланди инсоний шанъ!

    1 Қоровулбозор – ўша пайтлардаги ўта қиттиқ режимли қамоқхоналардан бири.

  • III – БЎЛИМ

    ҚАМОҚ

    Машина элтмоқда янги манзилга,
    Ёнимда соқчилар. Қулфланган катак.
    Ҳеч кимса эътибор этмас арзимга,
    Кўру кар бўлмишдир гўёки фалак.

    Нотаниш кўчада кезгандай гўё,
    Ҳадиклар гирдоби қийнайди мени.
    Машина елмоқда, жизиллар саҳро,
    Юзларни куйдирар чўл гармсели.

    Машина тўхтади чўлнинг қаърида,
    Баҳайбат бир қўрғон очди эшигин.
    Қишлоқжой кўринмас ёни-верида,
    Биз кирдик. Дарвоза ёпилди секин.

    Қўрғон ичи худди шаҳарга ўхшар,
    Қитъалар ажралган, сими тиканли.
    Ҳайбати дилингга қўрқинчлар қўшар,
    Калимага келмас инсоннинг тили.

    «Начальник» зотининг уруғи сероб,
    Кўплари хумрайган, нигоҳи заҳар.
    Гўёки бу маскан маҳсули – озор,
    Ўзаро қўполлик юракни эзар.

    Бу «янги дунё»да янги танишлар,
    Батамом ўзгача қонун ҳукмрон.
    Маҳкумлар чекида энг оғир ишлар,
    Бош тортган бу ерда топмайди омон.

    Ҳибсхона ҳаётин бўлмас мақтови,
    Минг-минглаб инсонлар тотган таъмини.
    Нечалар тўкилган келмайин дови,
    Нечалар қайтолди енгишгач ғамни.

    «Ичкари» аҳволи – яшаш-чун кураш,
    Жиноятлар турфа, турли тоифа.
    Қотиллар ҳам бордир, бордир аламкаш,
    Яхшига йўлиқмоқ – толеъдан тўҳфа.

    Кексалар гапи бор: ҳазар ёмондан,
    Яхшини қидирдик – топилди улар.
    Дўст этди оғир кун бизларни жондан,
    Суяндик ўзаро ҳар шому саҳар.

    Асан оға – татар, сўлим Қримдан,
    Ота-бола янглиғ эдик иккимиз.
    Саша Ҳарнис – грек, огоҳ сиримдан,
    Мжаванадзе билан бирдай фикримиз.

    Кореец, беларус, тожику, туркман,
    Чукча, арман, эстон, молдаван, черкас…
    Халқларнинг фарзанди бўлмиш беватан,
    Кўпчилик маҳбусни қаматган – ғараз.

    Лагерда мактаб бор, медхизмат аъло,
    Ҳунарсизга ҳунар ўрганиш имкон.
    «Стукач»1 га-чи, ҳар он эҳтиром раво,
    Тенглик, дўстлик ҳақда шиор фаровон.

    Юмуш ҳам етарли, ғоят хилма-хил,
    Тош-шағал қоришу, пойдевор қуйиш.
    Кимгадир қурилар муҳташам манзил,
    Бор эди оч ишлаш, қуёшда куйиш.

    Қоқ суяк жуссалар, дийдалар нурсиз,
    «Ички» қонунлардан поймолдир ғурур.
    «Пахан»лар амрига бўйсунмоқ сўзсиз,
    Фақат «Стукач»лар кун кўрар мағрур.

    Таҳқирга маҳкумдир бўлса зиёли,
    «Пахан»нинг ғазаби аёвсиз ғажир. –
    Ит азоб кечарди уларнинг ҳоли
    Ҳардам шафқатсизлик – ҳукмрон занжир.

    Ҳурфикр ким бўлса – қасди «Стукач»,
    Даҳшатга солади беғубор қалбни.
    Худкушлик нияти мақсад этилгач,
    Стукач ҳар доим берар мададни.

    Ўзича қадрининг ҳимоясини,
    Изласа бирма-бир адолатталаб.
    Топибон ўлимнинг хуфёнасини,
    «Стукач» кўрсатар тахмину сабаб.

    Шафқатсиз «хохол»лар – бебошлик рамзи,
    Гап қайтарганларнинг қурийди шўри.
    «Хохол»2лар жабридан сўнганлар озми,
    Ҳимоясизга у – гўё оч бўри.

    «Пахан», «Хохол», «Стукач» – ҳокими мутлақ,
    Худди Шўро тузум «Тройка»си улар.
    Казарма ҳаёти ғурбатларга ғарқ,
    Зулмига йўлиққан қулдай букилар.

    Уларнинг амали: шубҳа уйғотиш,
    Таҳлика, ваҳима қўзғатиш дилда.
    Дўстлик ҳақда сўзлаб ёлғон гап сотиш,
    Ёвлаштирар элни заҳарли тилда.

    Казарма «шеф»лари қўйган талаблар,
    «Гражданин бошлиқ»қа асосий қонун.
    Улар измидадир: калтак ер кимлар,
    Ким оч-наҳор юргай, ололмай нонин.

    Кимлар «хотин» бўлган, кимлардир «куёв»,
    Кимдир ўзин тортар сиртмоққа – қотил.
    Кимгадир шоҳона ҳаётдир сийлов,
    Кимлардир аламдан чайнаб тишлар тил.

    Кимга суткада ўн олти соат иш:
    Жизиллоқ офтобда асфальт тўкади.
    Нон еса, ичса сув – шугина ташвиш,
    Гоҳо толеини йиғлаб сўкади.

    «Пахан»лар, «хохол»лар берган фармонни,
    Ижроси мажбурий, сўзсиз муқаррар.
    Бўйсунмас инсоннинг тўкилар қони,
    Ажал чангалидан ажал қутқарар.

    «Игна-ла ёзилсин!» – деган банди бор,
    «Ёзилмаган қонун» кўрсатмасида.
    Нақшлар акс этар етказиб озор,
    Қайсарлик қилганнинг пок танасида.

    Эркаклик аъзонгда бўлмаса «ушка»:
    «Кукуруз, Родинка» каби нишона.
    «Петух»3 деб айтарлар тутишиб муштга.
    Эркак деб аталиш сенга бегона.

    «Петух»лар косаси, ётоғи ўзга,
    Шуғлию-амали бўлар бошқача.
    Жамоат жам жойда кўринмас кўзга,
    Пардозлаб юзини, терар қошгача.

    «Петух»ликни эплаб, «куёв»лар кўнглин,
    Ололмаган инсон насиби жазо.
    Баъзилар тополмай қутулиш йўлин,
    Жонига қасд этар ва ҳам ҳоказо…

    Кўрдим, кузатдим мен барча даҳшатни:
    Казарма ҳаёти – дўзахдан устун.
    Осмондаги булут, булут эмасдир,
    Хорликлар оҳидан ўрлаган тутун.

    Таҳқир, ҳақоратлар исканжасида,
    Бор жон сақлаганлар виждони уйғоқ.
    Адашмас одиллар ҳақ кўчасида,
    Яхшини қўллашиб бўлишган ўртоқ.

    Қаламкаш эдим мен – тўҳмат қурбони,
    Собиту содиқлар тутди қўлимдан.
    Энг оғир дамда ҳам асраб виждонни,
    Тоймадим, тонмадим тутган йўлимдан.

    Бири акам бўлди, бириси укам,
    Хавфлардан вақтида этишди огоҳ.
    Хоинлик важидан эдик хотиржам,
    Қурбон ҳам берарди сафимиз гоҳ-гоҳ.

    Ҳунарим – врачлик, неча беморлар,
    Дардини аритдим, топдилар ором.
    Ёрдамимга муҳтож юз-юзлаб «зўрлар»
    Ёвузларни касбим менга қилди ром.

    –«Жиноят кодексин сенга қўлланган,
    Моддада жазонинг муддати қисқа, —
    Дер эди қонунни ёдаки билган, —
    Лекин қутулмоқнинг чорасин иста!

    Билишимча, менга берилган муддат,
    Уч йилдир номига, асли бир умр.
    Тузумга хавфлимиш эмишман, муртад,
    Сиёсий маҳбус деб қилинар зуҳур.

    Турмадан-турмага ўтар бундайлар,
    Муддат тугаса-да, очилмас эшик.
    Эркни кутиб тугар неча йил, ойлар,
    Сабр вужуди кўз – юз мингта тешик.

    Бироқ йиллар ўтар, умрлар битар,
    Белгиланган уч йил топмас интиҳо.
    Қавму қариндошинг зориқиб кутар,
    Билишмас жонингдан бўлсанг-да жудо.

    Тақдирга тан бердим, аммо виждоним,
    Ўртаниб, қоврилар изтироблардан.
    Ва ким хурсанд экан булғанса номим,
    Не учун?! – дейилган кўп хитоблардан.

    Иш жойим, обрўйим – бор эди бари,
    Тирикчилик учун чақам етарди.
    Ҳеч ким-ла эмасдим зарра тескари,
    Хизматимдан барча рози кетарди. –

    Шу янглиғ саволлар қийнарди тун-кун,
    Чин дўстлар юпатиб, берарди далда:
    –Оҳ-воҳлар фойдасиз, илож топ, тутқун,
    Ёш умринг йитмасин надомат, ғамда.

    Ҳол сўраб келганда акам сўроқлаб,
    Андишаларимни бир-бир сўзладим.
    –Йўл топинг, қутқаринг, кетманг узоқлаб,
    Қондошга қондошдек дилдан бўзладим.

    Акам – Рамазонбой – ғамхўр, серфарзанд,
    Олти нафар нонхўр битта бошига.
    Менга етган алам – унга оғир дард,
    Ёқаси ҳўл кўздан оққан ёшига.

    Хайрлашдик. Кетди. Ғам етагида,
    Ортидан қолдим мен боқиб, мунғайиб.
    Кўмак етмаса гар ўз керагида,
    Шоҳлар ҳам гадолар – аянчли, ғариб.

    Тўй учун боқилган атама новвос,
    Гала қўй-бўрдоқи бозор тўлдирмиш.
    Тортишмай савдода тантиларга хос,
    Нажот йўлин акам кўп пулда кўрмиш.

    Масковнинг Марказком хонасигача,
    Қўллаб, элтди уни ҳалол ақчаси.
    Фироқнинг энг йирик донасигача,
    Мўмай пул сеҳридан эрир барчаси.

    Ёрдам қўлин дарҳол чўзишди дадил,
    Шарофхон отага этдилар фармон.
    –Шоирга жавоб бер, бир иложин қил,
    Билимли инсонлар бўлмасин сарсон.

    Осонгина бўлди мушкилотим ҳал,
    Рашидов чорлади ўз ҳузурига.
    Қабулига кирдим бўлмайин маҳтал,
    Дардимни сўйладим ота ўзига.

    –Ҳаваскор қаламкаш эдим, ғўр ниҳол,
    Машқларим мазмуни кимгадир ёқмай.
    Кулфатлар келтирди бошимга ҳадсиз,
    Юрибман мен бугун юртимга сиғмай.

    Шеъримнинг ғояси кони зарармиш,
    Халққа қутқу солиб, урармиш йўлдан.
    Кишанлашса мени – бўлармиш хўп иш…
    Шу тахлит ҳужумлар ёғди ўнг-сўлдан.

    Хумордан чиққанча турткилаб ўбдон,
    Турмага рўпара этдилар охир.
    Айирдилар мени туғилган тўпдан,
    Ёрдам беринг, ота, мен битта сағир.

    Кўмакни аяманг, суянган тоғим,
    Жон етди рамаққа, бўлмайин увол.
    Қуридим, ёш тўкмас энди қароғим,
    Жонимнинг қасдидан қайтмоғим маҳол!

    Кузатдилар мени ўз даргоҳидан,
    Меҳр-ла эркалаб, овози ғамгин:
    –Синиб кетмай бели минглар оҳидан,
    Ер бизни кўтарар, нолимай ғамдин.

    Шуур ҳам, замон ҳам жиловлангандир,
    Жилови, сезибсан, нопок қўлида.
    Ҳур фикр бўғилган ё овлангандир,
    Ҳар доим ҳаётнинг сўнгсиз йўлида.

    Ватан ҳам бугунча ватанлик қилмас,
    Тайёрмас фарзандлар қадрин англашга.
    Оғир бўл, бу кунлар абадий эмас,
    Ёғмасин балолар, укажон бошга!

    Қондошлар қошига қайтдим қувониб,
    Она қишлоқ олди сахий бағрига.
    Бошдан кечганлардан сўзладим ёниб –
    Акам топди даво ука дардига.

    Қувончларим узоқ этмада давом,
    Қишлоқда кутмабди мени ҳамма ҳам.
    «Мавфкураси ёт!» – деб айлашиб бадном,
    Солдилар қалбимга ададсиз алам.

    Комфирқа малайи кўрсатди ўзин,
    Ҳамтовоқларини айлади бир саф.
    Юзимга тош отди чақчайтиб кўзин,
    –Бу юртдан кет! – деди неча ноинсоф.

    Райкомнинг гердайган, сур вакиллари,
    –Бунда иш йўқ сенга! – деб ҳўмрайдилар.
    Вакиллар сафида топилмай оқил,
    Шифокор нафъини кўрмай қўйдилар.

    Ўқсик қалб озурда манқурт жаҳлидан,
    Не чора? – йўл олдим ўзга ўлкага.
    Қондошлар дуоси, душман аҳдидан,
    Таскин бериб мунглиғ ака укага.

    Хайр, менинг ёшлигим кечган далалар,
    Хайр, кўча чангитиб ўтган ёшлигим.
    Хайр, изимдан кўз ёш сочган янгалар,
    Рози бўлинг, аччиқ экан тақдирим!..

    1 «Стукач» – хабаркаш
    2 «Ушка», «Кукуруз», «Родинка» – маҳбусларнинг эркаклик аъзоларига қўйиладиган белгилар.
    3 «Петух» – мақбасхонада аёл вазифасини бажаришга мажбур этилган кишиларга бериладиган лақаб

  • IV – БЎЛИМ

    ҚАРДОШЛАР ЮРТИДА

    Тожикистон кўксини очди беминнат,
    Зумрад водий – Вахш масканим бўлди.
    Элига сидқ ила айладим хизмат,
    Юзим ёруғ, кўнглим ғурурга тўлди.

    Меҳнатим меваси бўлди зўр иқбол,
    Учратдим бир қизни: дилбар, нозанин.
    Касбимиз бир экан: у ҳам шифокор,
    Англади покиза қалбимнинг сасин.

    Кўксим ичра юрак – безовта дунё,
    Муҳаббат домига у асир кийик.
    Дилбарим ҳуснига дунё сеҳри жо,
    Олчалаб, олмаюз, кўзлари қийиқ.

    Ҳар оқшом боғ сайри, висол, роз айтмоқ,
    Бора-бора бизни айлади мойил.
    Қўл ушлашиб, ёниб ёнма-ён юрмоқ,
    Бизни муҳаббатга айлади қойил.

    Висолнинг шавқидан хўш уриб илҳом,
    Ҳисларим шарҳини мен ғазал этдим.
    Сайр чоғи эди, сурурли оқшом,
    –Ғазални ўқинг, — деб гулимга тутдим.

    Ишқ йўлида жондан кечмоқ ошиқликда оз бўладир,
    Муҳаббат бахти кулганга доимий ҳамроз бўладир.
    Бўйга етган қиз боланинг барчасидир бирдай гўзал,
    Шундай сулув арази ҳам ширингина ноз бўладир.

    Химча белда ўрмалаган сочлар эрур жон офати,
    Ёқут лаблар табассуми чеҳрага пардоз бўладир.
    Ёруғ дунё ярашиғи муҳаббату одоб эрур,
    Одоби бор инсонларнинг тақдири ҳам соз бўладир.

    Икки кўнгил сув ичса гар, ошиқ-маъшуқ дейилади,
    Эрта-индин тўй бўлгуси дейишгани рост бўладир.
    Ишқинг асраб умр бўйи васфинг сўзлаб тугатмайин,
    Юриш фақат мен ошиғинг – Муртазога хос бўладир.

    Шеъримни қўлига тутгач дилором,
    Энтикди. Чақнади хумор кўзлари.
    Баҳордай яшнатди бағишлаб ором,
    Қалбнинг шеърга кўчган ўтли сўзлари.

    –Бу қўшиқ-ку, куйга ҳам тушар осон,
    Қўшиқчи шоирга ўхшайсиз жуда, —
    Меҳри оловланди, қувончи уммон,
    Юзлари ойдайин кўринди тунда.

    –Сиз эса гўёки моҳир бастакор,
    Ғазалим баҳосин тутдингиз баланд.
    Ишқингиз мисоли сеҳрли баҳор,
    Бу ғазал-шавқингиз ато этган дард. –

    Сўзлардим мен тўла самимият-ла,
    –Ким ўзин мақтайди? – дея кулишдик.
    Висол завқин этиб гулзорга ҳадя,
    Хайрлашдик – еттинчи осмонда учдик.

    Уйига кетди у. Мен қолдим ёлғиз,
    Юлдузли осмоннинг сеҳри йўқолди.
    Гулзорда кўзлари тўрт бўлиб наргиз,
    Томошага тўймай, хаёлга толди.

    Орадан кун ўтди – висолсиз умр,
    Учрашув – шўх оҳу, тутқич бермади.
    Безовта кўнглида битгандай сурур,
    Висолнинг боғидан гуллар термади.

    Уч кун ўтди. Тушда дуч келдик икков,
    Кўзида ҳаяжон, юзи аланга.
    Сўзлолмай қайтди у орқага дарров,
    Онаси чорлабди мени ёнига!

    Ўт – оташ ораси бўлди маконим:
    –Нотаниш аёлга не дейман тўйқус?
    Дардимни айтмасам, азобда жоним,
    Ором бегонадир кеча ва кундуз.

    Бордим, ҳовли – гулзор. Саҳнида сўри,
    Нуроний онахон олдилар қарши.
    Кўзида мужассам бутун қалб қўри,
    Онамни эслатди рўмол ўраши.

    Боқиши, юриши, сўзлаш оҳанги,
    Бўйи-ю, чой тутиш, ҳам таклифоти.
    Ҳаттоки сочларин кумушдай ранги,
    Онамни эслатди (ўчмагай ёди)…

    Сўрашдик ҳол-аҳвол қадрдон мисол,
    Танишдек гўёки минг йилдан бери.
    Сўзлаб тақдирини этди мени лол,
    Вужудим қамради саргузашт сеҳри.

  • ОНА ҲИКОЯТИ

    Панжакентдамиз. Отам Салоҳиддин боғбон эдилар. Ҳофизу Бедилни севиб ўқирдилар. Диний китобларнинг нодир намуналари уйимиз китоб тоқчаларининг безаги эди. Академик Окладников Муғ қалъасида археологик қазиш ишлари олиб борганда, тарихий ёдгорликларни – топилмалардаги қадимий ёзувларни ўқиш, ўрганишда отам у кишининг яқин кўмакдоши, дўсти эди. Мастчоҳлик Туғрал қадрдони эди. Оташзабон, нозикбаён шоир уйимизга тез-тез ташриф буюриб турарди: илмли ҳамқишлоқларимиз даврасида бўладиган роҳатижон суҳбатларга ҳар доим завқ, мазмун, жозиба бағишлардилар, шоир қурбон бўлишларидан сал олдин уйимиз деворига қуйидагича байтни ёзган эдилар. (Гўё ўлдирилишини билгандек. Тавба!)
    «Ман навистам дар девори ин хона,
    Аз мани мискин бимонад нишона».

    1937 йил. Машъум қатағоннинг шум қадами бизнинг камсуқум хонадонга ҳам сурлик ва зўравонлик билан бостириб кирди. Қатағоннинг шафқатсиз, золим, заҳарли чангали отажонимнинг ёқасидан тутиб, ўпқон янглиғ ҳеч тўймас мудҳиш комига тортди.
    Қиблагоҳимга ёпиштирилган ёрлиқ: Қулоқ, заҳарли диний ақидаларни ёювчи, совет тузумининг илдизига болта урувчи ғояларни ташийдиган зарарли, янгича ҳаётга оғу бўлувчи қадимий қўлёзмаларни тўпловчи ва асровчи номатлуб шахс!
    НКВДнинг пагон таққан содиқ исковчилари винтовка найзалари билан уйимиз деворларини, шифтини, мўриларни илма-тешик қилиб юбордилар. Қарийб ўттизта фаннинг турли соҳаларига мансуб, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган нодир қўлёзмалардан маҳрум бўдик. Майли. Бироқ отажонимиз афсус, дом-дараксиз кетдилар. Уч қиз, икки ўғил ота дийдоридан маҳрум
    чирқираб қолдик. Ночор тирик етим бўлдик. Насибамизни қидириб Вахш водийсига келдик. Миришкор боғбоннинг фарзандлари пахтакор деҳқон бўлдик. Эндигина етимликни унутиб нафас ростлаганимизда, мамлакатимизга фашистлар Германияси хоинона, ёвузларча ҳужум қилди. Икки ака урушга сафарбар қилинди. Борса келмас сафарларидан омон-эсон қайтиб келдилар. Уруш даврида уч қиз чирқираб, қора қон қақшадик. Сингилларим колхозда ишлашарди. Ўзим ўқитувчилар курсини бир амаллаб битирган эдим, мактабда ёшларга таълим-тарбия бериш иши билан шуғулландим. Жангдан омон қайтган Собирбой ёстиқдошим бўлди, у санъатсевар инсон, мусиқа асбобларини, айниқса, ғижжакни моҳирона чаларди. Тинч-тотув яшадик, икки қиз кўрдик. Пешанамизга ўғил битмаган экан. Катта қизим Хосиятой врачликка ўқимоқда, ҳозир тўртинчи курсда. Сиз унга харидор экансиз. Унга атаб ёзган шеърларингизни ўқидим, яхши. Отам раҳматлик: «Шеър ёзувчи, китоб ўқишни севувчи одамдан ёмонлик чиқмайди», — дердилар. Мен розиман, ўғлим бўлинг, яхши ният ёр бўлсин. Тўй тадоригини кўринг, ўғлим…

  • ОШИҚНИНГ ДИЛ ИЗҲОРИ

    Тақдиримизда ўхшашлик кўрдик. Сизларни туртган, сарсон қилган ёвузликнинг совуқ чангали бизнинг оила ёқасидан ҳам тутган, қийратган. Катта бобом Мирзо Ҳаким, момам (отамнинг онаси) Манғитой, бобом – Мирзонинг бўласи Жума Жилдам Бухоро амири саройида воиз, шоир сифатида эътироф этилган. Катта бобом Мирзо Ҳаким ва Манғитой момом ҳар иккиси ҳам форс, араб тилларини мукаммал билганлар, шу тилларда битилган кўплаб илмий қимматга эга бўлган қалин-қалин китобларнинг соҳиби бўлганлар. Шўро тузумнинг дастлабки қурилиш-тикланиш даврларида эскича билимга эга бўлган, эски ёзувдаги китоб-қўлёзмаларни сақлаганлар, ўқиганларни қатағон қилиш кучайганда, катта бобом Мирзо Ҳаким ва бобом Мирзо авлоддан-авлодга мерос сифатида ўтиб келаетган китобларни 3 туяга ва рўзғор кўч-кўронини 6 туяга юклаб, чет элга йўл олган эканлар. Уларни Амударё қирғоғида, Чоржўйга яқин ерда НКВД ходимлари тутиб, отиб ташлаганлар. Китоблар дарёга оқизилиб, рўзғор анжомлари мусодара қилиб юборилган.
    Отамнинг бўласи Жума Жилдамни 1934 йилда, Амаким – отамнинг акаси Мирзо Бозорбой 1941 йили кулаксан, деб «тройка» оттириб юборган. 16-17 ёшли кичик амаким ўлдирилган. Отам Мирзо Улуғ Ватан урушида ҳалок бўган. Хуллас, биз Мирзолар авлодиданмиз. Амирлик саройи мирзолиги – сеҳрли сўз ижодкорлиги бизга ота меросдир. Аждодлар изидан бориб, мен ҳам ёшликдан ижод билан шуғулланаман. Комфирқа мафкураси билан муроса қилолмай, ёзганларим учун она юртимдан бадарға қилиндим. Тожик диёрига келиб, Сизнинг қизингизни учратдим. Тақдиримиз пайвандлашуви орзуси – у билан иккимизники. Розилигингизни эшитиб, бошим осмонга етди. Бугундан бошлаб онамсиз, онажонимсиз! Етимлик, ғариблик, ёлғизлик балосидан мени қутқарган муҳтарама халоскоримсиз! Яратганнинг менга
    тақдим этган ушбу инъомига минг-минг шукр! Умримнинг сароб уфқлари тугагани рост бўлсин, онагинам!..

  • ХОТИМА

    Шаҳид боболарим руҳи бўлди ёр,
    Яхшилар бош қўшгач, бўлди катта тўй.
    Қувончим чеки йўқ – дунё менга тор,
    Ёрим бор, менга ёт ёлғиз деган ўй.

    Қутлуғ тўй айёми, она кўнгли чоқ,
    Мудраган умидим чироғи ёнди.
    Мени етаклаган орзулардир оқ,
    Бахт нашидасидан хуморим қонди.

    Гул юзли Хосият ёнимда ҳар дам,
    Содиқ қўш юракка ҳамдамдир она.
    Бахтиёр фарзандлар тўҳфаи тақдир,
    Келин-куёв шамъу, она – парвона.

    Қувонч кириб келди умримга дадил,
    Онаю ер бахти ғамим аритди.
    Ҳалоллик ва софлик ҳакамдир одил,
    Дўст меҳри, меҳнатим кўз ёшим артди.

    Умр дарё янглиғ шошмай одимлар,
    Эр-хотин – шифокор, хизматдамиз биз.
    Яратган инъоми-шириндир комлар,
    Икки ўғил кўрдик, битта дилбар қиз.

    Она бағри бутун, кўнгил тўқ эди,
    Азимжон, Азизу Шифо – невара.
    Рисолат ҳам Зебо – чевара юпанч,
    Кўксида қолмади армондан зарра.

    Чунки бор куёви – бошга соябон,
    Икки қиз – ҳар лаҳза ишончли тоғи.
    Унга неваралар – нур тўла жаҳон,
    Чеваралар эрур булбули боғи.

    Чунки хайрлидир она эртаси:
    Сарсонлик, зориқиш тақдирида йўқ;
    Умри тугаб, ерга тегса елкаси,
    Тобутбардори бор – она кўнгли тўқ.

    Сангиной онамиз, орзуси – байроқ,
    Оила аҳлига фахр ҳамиша.
    Сангиной меҳридир безавол маёқ,
    Шуурга нурлари татир ҳамиша.

    Олтита ўн йиллик умрни қаранг,
    Гўёки лаҳзада яшаб қўйибман.
    Ҳар куним қиссаси, айтсам ранг-баранг,
    Машаққат-ла бахтга соҳиб бўлибман.

    Бахтимга бор бўлсин онам Сангиной,
    Хосиятим – йўлдошим ёнимда ҳар дам.
    Азим, Азиз, Шифо – умримга чирой,
    Бор бўлсин, соғ бўлсин барча неварам.

    Зурёдим зурёди Ҳасану Ҳусан,
    Пешонам шўрини ювгувчи булоқ.
    Қоқинсам, ёнимда дер: менга суян,
    Уларнинг боридан ҳаётим қувноқ.

    Зебою Рисолат тинмай чулдирар,
    Ачамлари лаззатин тасвири қийин.
    Улар толеимга битган чин гавҳар,
    Қилиғи, сўзлари шириндан – ширин.

    Кексалик гаштининг завқини сурмоқ,
    Насиб этсин менга кўплар қатори.
    Насиб этса ҳақнинг сонида турмоқ,
    Қайтадан бошланур умрим баҳори.