• Истиқлол зиналари
    Дебоча

    Ватан номус-орим, роҳатим маним,
    Ватан ер юзида жаннатим маним.

    Сен борсан – кўнгилда ғурур ва виқор,
    Сен борсан бизга ёт андуҳу озор.

    Шоирга ўзингсан илҳом булоғи,
    Меҳр-муҳаббатинг йўқдир адоғи.

    Сен борсан дилимга йўлламас қайғу,
    Сенсиз шаҳду асал есам ҳам оғу.

    Сен борсан – ҳеч кимга эгилмас бошим,
    Бағрингда шарафдир ҳаттоки ўлим.

    Ватан фарзанд учун ору номусдир,
    Ватангадоликдан асрагил, тақдир!

    Ватан волидамсан, онамсан шаксиз,
    Бешигим, лаҳадим ўзингсан ёлғиз.

    Сенда аждодларим хоки, макони,
    Сенга алишмайман бутун дунёни.

    Аллоҳнинг элчиси буюрмиш барҳақ,
    «Ватанни севмоқлик бу иймон демак».

    Юртим, сенга Аллоҳ қилмиш иноят,
    Мўътадил иқлиму гўзал табиат.

    Зулолдек сувларинг оқар шарқираб,
    Қуёшинг нур сочар мудом ярқирраб.

    Тупроғинг серҳосил, элинг – заҳматкаш,
    Оламда ҳеч бир юрт сенга ўхшамас.

    Табиий бойлигинг ҳадсиз-ҳисобсиз,
    Шу сабаб душманлар сендан узмас кўз.

    Минг йиллар давоми не-не очофат
    Қилмоқчи бўлишди бойлигинг ғорат.

    Лекин ор-номусли мард ўғлонларинг,
    Ҳар доим тўсишди душманлар йўлин.

    Тарихинг варақлаб фикр айласам,
    Юрак-бағирларим ўртагайдир ғам.

    Бунчалик аянчли ўтмиш кимда бор,
    Лиммо-лим босқинлар, хўрлик ва озор.

    Ғурурдан кеккайган ҳар касу нокас,
    Сенинг тупроғингга айлашган ҳавас.

    Бостириб келишди қатор ва қатор,
    Шарманда бўлишди такрор ва такрор.

    Келишди орзудан боғлашиб қанот
    Ва ортга қайтишди ожиз, бенажот.

    Келишди гўёки музаффар, ғолиб,
    Ва ортга қайтишди армонга тўлиб.

    Шонли ўтмишингни этмоқ чун баён,
    Бу мавридда йўқдир, афсуским имкон.

    Элим, тарихингдан бир лавҳа мудом
    Кўнглимни ғашлайди, бермайди ором.

    Бир лавҳаким уни эсламоқ оғир,
    Эсласам жизиллаб ачишар бағир.

    Бир лавҳаким тўлла оҳу фиғондир,
    Хосили аламдир, афсус, армондир.

    Лавҳаким орига чидамоқ мушкул,
    Элимга тўҳматдир, таҳқирдир нуқул.

    Топталди элимнинг номуси-ори,
    Минг йилларга етар унинг озори.

    Ўша машъум йиллар ҳақида бот-бот,
    Зиёли дўстларим чекишар фарёд.

    Йигирманчи аср бошида олам,
    Сувдаги кемадек чайқалди пурғам,

    Минг марта бурдалаб бўлинган дунё
    Қайта тақсимлана бошланди, эй воҳ.

    Болшовой ишлатиб, минг ҳийла найранг
    Менинг ватанимга солмоқ бўлди чанг.

    Бегона мафкура бир сиртмоқ эди,
    Нияти: миллатни қийратмоқ эди.

    ***

    Келгинди гердаяр мен деб юртбоши,
    Ким норози бўлса,- номи қўрбоши.

    Унинг гапи қонун, қонуннинг зўри,
    Бўйсунмас бўлса ким-қурийди шўри.

    Бу юртни эгасиз деб билдимикан?
    «Узилмас,- деганми, – мен урган кишан!»

    Тез кунда билинди: хулоса хато,
    —Келгинди йўқолсин!—янгради нидо.

    Жадид Фитрат, Закий, Қори Мунаввар,
    Бегона йўсинга зарба сафарбар.

    «Ҳақ олинур, зинҳор берилмас!»— шиор
    «Ҳуррият оламиз!» — қатъийдир қарор.

    Шиорга келгинди беписанд кулди,
    Муқаддас аҳдни у эрмак деб билди.

    Мусулмон ўлкада Мустафо Чўқай,
    «Мухторият» учун доим тудди шай.

    «Шўрои Исломия” қурултойида
    «Истиқлол!» дейилди,—талаб жойида.

    Қўқонга ёғилди бало тошлари,
    Заҳар бўлди элнинг еган ошлари

    Куйбишев, Рудзутак эди раҳнамо,
    Эл қонин тўкишди мисоли дарё.

    «Туземец» дейишди ерли халқ номин,
    Уялмай ейишди «туземец» нонин .

    Бегона мафкура бир сиртмоқ эди,
    Нияти: миллатни қийратмоқ эди.

    Бўлса ҳам зобитда ўзгача ният,
    Тузилди Қўқонда лек «Мухторият».

    Андижон, Намангон, Қўқон, Марғилон
    Томондан самога ўрлади фиғон.

    Қўқондан қўзғолиб ҳар икки Эргаш1,
    Эрк учун бош тикиб қилдилар кураш.

    Мадаминбек, Шермуҳаммадбек, —йўлбошчи,
    Холхўжа, Раҳмонқул, Тўйчи – қўрбоши.

    Рус ва Мадаминбек қалтис бир давр,
    Осипов, шунингдек ўн тўрт комиссар.

    Мадаминбекнинг етмиш минг навкари,
    Бошдан- оёқ яхши қуролли бари.

    Монстров –крестянларнинг ҳарбий каттаси
    Бирлашгач, душманнинг тўзди паттаси.

    Бу ҳақда Ленинга етказиб хабар,
    Сўрашди кўпдан-кўп яроқ ва аскар.

    Сафарбар қилишди кучнинг барчасин,
    Учир деб бир четдан бошдан салласин.

    Хоинлар қўли-ла бир кун тонг саҳар,
    Отилди фидойи ўн тўрт комиссар.

    «Мухторият» қизил қонга ийланди,
    Нийятни Бухоро, Хива билганди.

    Фарғона водийси – жаннат тимсоли
    Бухоро, Самарқанд, Хива мисоли.

    Келгинди қилмайин элга тараҳҳум,
    Иғво-ла айирди биридан-бирин

    Қўқонни ташлади фитна –оловга,
    Қаршилик йўқ эди ғаламис ёвга.

    Буюрди: жомларга майлар қуйилсин,
    «Босмачи» деганнинг кўзи ўйилсин.

    Ушбу қирғиндан сўнг келгинди ўн ой
    Оёғин босгали тополмади жой.

    Гўзал Фарғонага кетма-кет юриш,
    Ўттизинчи йилгача чўзилди уруш.

    Кўкни тутди хотин-халажнинг оҳи,
    Хотиржам қарарди бу ҳолга доҳий.

    Истиқлол орзуси бўлиб бир олов,
    Қўлларга тутқазди муқаддас ялов.

    Истиқлол ишқида ёнган ҳар юрак,
    Мақсади халқини бахтиёр кўрмак.

    Инсонга энг буюк неъмат истиқлол,
    Истиқлол бергуси порлоқ истиқбол.

    Миллат фожиаси беқиёс бўлди,
    Орзулар ғунчаси очилмай сўлди.

    Ҳақ учун курашни тўсмоқ бўлдилар,
    Ёв этиб бир элни икки бўлдилар.

    Бири «босмачи»-ю, бириси «қизил»
    Акани укага айлашди котил.

    Заҳарли ғоялар ўрмалаб қолди,
    Онгларни чалғитди, қутқулар солди.

    Адашиш кулфати бошгадир бало,
    Рақибга қўл келар адашсанг ногоҳ.

    Содда халқ ўз ўғлин сесканмай сўйди,
    Душман деб чин дўстнинг кўзини ўйди.

    «Босмачи» тамғаси қилди ишини,
    Нафаси қирқилди минглаб кишининг.

    Таъқибу таъналар кутиб ҳар ёнда,
    Мол-жонлар аёвсиз қолди талонда.

    Эрк ҳамда мўл-кўллик қилинди ваъда,
    Ишонган хор бўлди, қолди армонда.

    Хор бўлган бу элнинг кулфати оғир,
    Энди кўз олдимдан ўтмоқда бир-бир.

    Сиёсат илмида устаси фаранг,
    Болтанинг сопини олди дарахтдан

    Янгипараст ёшлар кўнглин этиб ром,
    Деди биз озодлик этамиз инъом.

    Коммуначи ёшлар бўлмоқчун «озод»,
    Озода ватанни этишди барбод.

    Амир Олимхондан олиб аламни,
    Шўрога сотишди азиз ватанни.

    Икки бошли бургут аждардек машъум,
    Қадим Бухорога айлади ҳужум.

    Худди охирига етгандек дунё,
    Ўт-олов ичида қолди Бухоро.

    Бу ҳолни кўрганнинг ачишди жони,
    Фалакка ўрлади элнинг фиғони.

    Гуруҳ-гуруҳ эрлар қуролсиз, ҳайрон
    Ватан ҳифзи учун кафтга олиб жон.

    Кўчага отланди бағирлари хун,
    Ватан ҳимояси, номус, дин учун.

    Ишратпараст амир қочди сақлаб жон,
    Мардлар ориятин айлади пайҳон.

    Эл-улус эгасиз сурувдек сарсон,
    Ваҳший душманларнинг кўзи тўла қон.

    Қўймижоз бу элнинг олишди жонин,
    Этини бурдалаб, сўришди қонин.

    Халқнинг иродасин бажариб гўё,
    Шўро ҳукуматин этишди барпо.

    Ажиб ҳукуматким аъмоли ёлғон,
    Пойдевори ёлғон, меъмори – ёлғон.

    Иши талон-тарож, элни қўрқитиш,
    Зиёли аҳлини аямай отиш.

    Зулму ситам ошди ҳаддидан чунон,
    Бечора эл қолди музтар ва ҳайрон.

    Озод бўламан деб шўрлик эл-улус,
    Келгинди илкида бўлдику маҳбус.

    Миллатим, диним деб интилган ҳар жон,
    Дуч келди таҳқирга, айланди яксон.

    Қозоқ чўлларию, Сибир – қаҳратон,
    Жонию, жисмига абадий макон.

    Улардан ёдгорлик – мунғайган қабр,
    Бунча огир жафонг, эй қаттол жабр!

    Бухоро бойлиги таланди ҳадсиз,
    Юрт эгаси ночор, бир четда ҳақсиз.

    «Қўрбоши аталган неча жонфидо
    Қувилди – юртига айтди алвидо!

    «Қўрбоши», «Босмачи» — миллатнинг гули,
    Жон берди, бўлмади келгинди қули.

    Зар билан битилган уларнинг номи,
    Эл қалбида мангу шарафу шони!

    Истиқлолга илк бор йўл очган улар,
    Зулматга юракдан нур сочган улар.

    Инсонга азалий орзу эзгулик,
    Бу орзу юкидан не-не қад букик.

    Эркинликда яшаш истаги ғолиб,
    Бу орзу соҳиби юрмаган нолиб.

    Эрк учун курашнинг нақлидир бари,
    Сўнгги аср тарих саҳифалари.

    Бу кураш йўлида кимдир дарбадар,
    Кимлардир дунёдан айлади сафар.

    Бу кураш йўлида иймон синалди,
    Эътиқод, ирода, виждон синалди.

    Баъзида хиёнат кўрсатиб ишин,
    Аямай эздирди ҳаммаслак гўштин.

    Эрку адлу ишқни билиб илоҳий,
    Мадҳ айлаганди Жомий, Навоий.

    Қутлуғ шеъриятнинг тенгсиз даҳоси,
    Мусулмон элининг кўзин қаросин.

    «Онгларга заҳар» деб талқин этдилар,
    Манқуртлар аёвсиз таҳқир этдилар.

    Комфирқа ғоясин улуғладилар,
    Саркашларни эса қамаб отдилар.

    Буйруқ-ла яралди минг-минг жилд китоб,
    Шўрони мадҳ этиб қилишди хитоб.

    Бу семиз китоблар бош қаҳрамони,
    Ватанпарвар эмас, ватан шайтони.

    Қатағон қиличин ярқираб тиғи,
    Айний отани ҳам ичирди оғу.

    Фитначи рақиблар маккор ва ғаддор,
    Туҳматидан Ойбек этилди доғдор.

    Лекин марҳаматли тангри ҳар замон,
    Уларни асради ажалдан омон.

    Бухорий, Улуғбек, Замаҳшарийлар,
    Авлодин гумроҳга чиқарди улар.

    Илму фан элимга азалий мерос,
    Буни нокас аҳли сира англамас.

    Тўқсон тўққиз фоиз саводсиз дебон,
    Элни таҳқирлашди туҳматла ҳар он.

    «Халқ душмани» дея чизиқ тортдилар,
    Саводлини бир-бир териб отдилар.

    Увол донишмандлар, мавлоноларим,
    Барчасига ҳукм ўқилди: «Ўлим

    * * *
    Эрк учун курашнинг байроқдорлари,
    Маърифат боғининг чин шунқорлари:

    Абдулла Қодирий,аллома Фитрат,
    Чўлпону Усмонни маҳв этди тўҳмат.

    Уларнинг йўлидан юрдим мен фақир,
    Бошга минг маломат ёғдирди тақдир

    Дилдаги дардларни айтолмай юрдим,
    Ҳақсизликни кўриб тил тишлаб турдим.

    Шу пайтлар ёш эдим, озори дилни
    Тийиб юролмадим, қўйвордим тилни.

    Истаб нажот бордим ўнлаб даргоҳга,
    Кўрдим лоқайдликни дилдаги оҳга.

    Шўродан адолат истаб бонг урдим,
    Ноҳақликни кўриб туролмадим жим.

    Шўронинг шаънига битмадим мақтов,
    Танқидим кимгадир туюлди олов.

    Симтиконлар ичи бўлди маконим,
    Дўзахий қийноқлар ўртади жоним.

    Уч-тўртта мунофиқ айлаб дағдаға,
    Мени ўз юртимдан қилди бадарға.

    Гарчи янги юртда топдим обрў,
    Қардошлар соғинчи бермасди уйқу.

    Гар келса миямга жиддий фикрлар,
    Тилимни тишлайман, юрагим йиғлар.

    Ёнимда ётибди ёнбошлаб зулмат,
    Қараяпти ана! Ўхшовсиз хилқат.

    Ё раб! Ёлвораман, эй муқаддас зот,
    Узоқ тут зулматни мендан умрбод.

    Йўқ бўлсин дилимни қоплаган қуюн,
    Қариган чоғимда йиғлайман беун.

    Аллоҳим, яхшиям раҳим, раҳмонсан,
    Умидсизлар учун умидсан, жонсан.

    Бандангни буровга олганда ҳаёт,
    Кутилмаган жойдан берурсан нажот.

    Қирқилди Шўронинг пойи ҳаётда,
    Ғам-ғуссали кунлар қолдилар ортда.

    Сохта салтанатнинг синди кўзаси,
    Сохта эди ҳатто ошиқ бўсаси.

    Қора ўтмиш ёди айлар безовта,
    Озоридан ҳануз юрагим хаста.

    * * *
    Қоп-қора ўтмишдан қўрқа ва писа,
    Саша1 билан гурунг қурардик роса.

    Ошкора гапларни ёзганинг-чун
    Оғзингни йиртарди комфирқа жунун.

    Булгаков, Сашаю, Плотонов2 гувоҳ,
    Кимларни ютмади қатағон, эй, воҳ.

    Гиж-гижлаб бирин оқ-қизил дедилар,
    Оқибат бир-бирин гўштин едилар.

    Доҳий эди барча ёвузлик боши,
    Ҳуда-беҳудага келарди ғаши.

    «Пойдёщь направо – медведь задеряеть,
    Пойдёщь налево – волки съедають»

    Улуғ рус адиби Островский сўзи
    «Светет, да негреет» — деганнинг ўзи.

    Ширин сўз ҳам йўқ, йўқ кулгу, табассум,
    Барчанинг қовоғи осилгандир, жим.

    Истардим бош олиб кетсам саҳрога,
    Озод бир қуш каби эркли дунёга.

    Саҳро, чўл ҳаёти анчайин эркин,
    Унда гул, қум, шамол, ҳаводир текин.

    Чўлда яшар инсон эркин, беиллат,
    У ерда йўқ эрур зуғум ва миннат.

    Қум ила лиммо-лим тебранади чўл,
    Илон из, ўргимчак тимсолидай йўл.

    Келинчак, қизлари бариси гўзал,
    Сўзлаш лаҳжалари гўёки асал.

    Кўзинг қамаштирар қизлар яноғи,
    Чиройидан гуллар кўнгиллар боғи.

    Бели қил, чилвирсоч, тўлин ой, гулрух,
    Бодомкўз, шакарлаб, кулар рубару.

    Ўп, дея бировга тутмас бетини,
    Кўз-кўз қилиб юрмас белу кетини.

    Жилғин, туяянтоқ, қамишзор, сувлоқ,
    Қарасанг босади бир ширин мудроқ.

    Унда йўқ дарғазаб, иймонсиз вазир,
    Чўлга ёт дабдаба, шоҳона қаср.

    Тартиблар табиий, эркли дала, қир,
    Завқидан илҳомда кезинар шоир.

    Ҳамма тенг, хушчақчақ, йўқдир димоғдор,
    Ҳеч ким бир-бирига бермагай озор.

    Чўлда танҳо ҳоким – гармсел, тинчлик,
    Учрамас саҳрода юзсиз, мунофиқ.

    Мен бир ҳақгўй шоир, юрагимда дард,
    Шифо бергай менга шу тинчлик фақат.

    Саша иккимиз тенг бир ҳисда фақат,
    Бир хил экан, қойил, дилдаги нафрат.

    Солжинитсин эрур буюк устозим,
    Кўрсатди у ёниб куйламоқ созин.

    Шоирга тоабад оғриқдир ҳамроҳ,
    Ёниб ўзгаларни айлагай огоҳ.

    Бироқ шарқ шоири эҳтиросга бой,
    Аламларни аччиқ куйлар ҳойнаҳой.

    Солженитсин менга берарди таскин,
    Китобларин ўқиб, босилганим чин.

    «Из грязи в князи» – элнинг гапларин,
    Игна-ла чоҳ қозиб топди дардларим.

    Шўро ҳам сездию ақлу тамизин,
    Солженицинни у айлади қувғин.

    Лек кўнглим тубида бир дард беомон,
    Қийнаб келар эди мени кўп замон.

    Бу дардни ошкора айтмасам бўлмас,
    Дилим бўшатмасам бу кўнгил тўлмас.

    Аллоҳга минг шукр айлагум баён,
    Бу давру замонга етказди омон.

    Давр келди дардимни баён айлагум,
    Энди гуноҳ эрур ўтирмоғим жим.

    Тушовин ечайин таъбим бедовин,
    Банд урилган эди ярим аср бурун.

    Шул боис йўқолган лабимдан кулгу,
    Шул сабаб кўзимга илинмас уйқу.

    Оҳ, Шўро тугатди хаттот зотимни,
    Йўқотмоқчи бўлди мангу отимни.

    Саводли бўлгани учун, эҳ, тақдир,
    Мирзо боболарим отишди бир-бир.

    Мен бола бечора тикилдим ҳайрон,
    Уйимиз қилишди ер бирла яксон…

    * * *

    Тунов кун ойнаи жаҳонда кўрдим
    Комфирқа фахрийсин –сурати ўлим.

    Қўллари қалтирар, сўзлар чалажон,
    Юзлари — қоқ суяк, тери – устухон.

    Эски қабр каби кўзлари ботган,
    Юзлаб гуноҳсизни туҳматлаб сотган.

    Оғзида тиши йўқ, чўтир, ялмоғиз,
    Оғиз кўпиртириб сўйлар бетамиз.

    — Элга бахт келтирдик! – қилади даъво,
    — Биз фидоий эдик,— кўтарар ғавғо.

    Элликта сафдошин номини қатор
    Мақтаб-мақтаб, -вич-лаб айларди такрор.

    Мен унга термулдим, термулдим ҳайрон,
    Инсонми бу, одам шаклида шайтон?..

    Тимсоҳдек тишлари захарли, ёмон,
    «Биз, – дейди, —сизларга бағишладик жон!»

    Коммунизм деган хомхаёл боис,
    Ҳалиям гердаяр мен деб коммунист.

    Ойнаи жаҳондан кетмайин нари,
    Чириган ғоясин сурар илгари.

    Кўҳнарган шинелин ташлаб елкага,
    Мавридини қумсаб қарар орқага.

    Ер қаърида пийри-устозлар бари,
    Сиёсий бюронинг катта сарвари.

    Туси ўчган йиртиқ эски шапкада,
    Бир ўзи қолгандек бу кенг дунёда.

    Сўлакай оқизиб тулкидай қитмир,
    Ишчини, деҳқонни алдар ҳайтовур.

    Барча гуноҳкору ўзи фаришта,
    Танқидлар шоирни ижодий ишда.

    Ўзини кўрсатар виждонли, тўғри,
    Аслида у эрур нобакор ўғри.

    Ўрганган кўнгил-да, тинчимай бир он
    «Жазо!» деб муштумин қилар намоён.

    Оғиз кўпиртириб, керилиб ёмон,
    Таъна тоши отар шоирга томон.

    -Ўртоқ шоир, —дейди малъун, нобакор,—
    Текинга нону туз егиздик бисёр.

    Сен энди ком-изм жарчиси эмас,
    Сенлардан ҳамкорлик узажакмиз, бас.

    Аниқки, биз сени айладик машҳур,
    Шеърларингни халққа мақтадик бир-бир.

    «Партияга баринг қилингиз сажда!», –
    Дея буйруқ келган эди ўшанда.

    Бу улуғ буйруқни эшитган замон,
    Бизлар сажда қилдик, лек шоир шайтон,

    Бўйин сунмай ўшал шайтони лаъин,
    Бизга қарши ёзди китоб атайин.

    Гар кимки Ленинга қилмаса сажда,
    Унинг жойи эди гирдоби ғамда.

    Биласанми, доҳий дунё яратди,
    Китобинг тинчгина юртни титратди.

    -Не қилмоқчи эдинг – исёнкор, иблис,
    Ҳайф бўлди биз берган унвон — коммунист.

    Бу шайтон оздирди кўпларни йўлдан,
    Коммунизм машъалин учирди қўлдан.

    Борига қилмай у қаноат, шукр,
    Бизга дўст бўлмагай шайтоний шуур.

    Ким агар бизларга қилмаса қуллуқ,
    Бизга у душмандир, дўст эмасдир, йўқ.

    Агар бўйин эгса, улкан тарвуздай,
    Қампайтиб қорнини юргай ҳўкиздай.

    Бизлар,- дер — бегуноҳ, мисли фаришта,
    Ёмонни килардик дарров саришта .

    * * *
    Гарчи ўзи баттол, ашаддий шайтон,
    Иблис деб шоирга чаплагай бўҳтон.

    Булар эътиқоддан қилишиб даъво,
    Ленинни Ийсо деб аташди ҳатто.

    Сув юзида сузган қаппайган пуфак,
    Бир зумда ёрилиб кетгай бедарак.

    Улар тузган тузум худди шу тахлит,
    Инқирозга учраб бўлдику нобуд.

    Улар билишмасди элнинг аҳволин,
    Кўрган тадбирлари – оммавий қирғин.

    1 Саша – улуғ рус ёзувчиси А. И. Солженитсин назарда тутилмоқда
    2 Булгаков, Плотонов – ўз асарларида Совет тузумининг иллатларини фош этган рус ёзувчилари.

  • М. С. ГОРБАЧЕВ

    Қайта қурмоқ истаб шошиб, ҳойнаҳой,
    Кафан бичди юртга Миша Холдорбой1.

    Хаёлпараст Холдор ҳаддидан ошди,
    Қўллади Лигачёв, ёрдамга шошди.

    Бир тўда оломон зўрликни қўллаб,
    Эргашди уларга, кўрмайин ўйлаб.

    Мартаба, шуҳрат деб, тўкилди қонлар,
    Истиқлол йўлида соврилди жонлар.

    Ўғрию қаллобни тугатмай бутун,
    Коммунизм қуриш дейишди мумкин.

    Кўчага раият чиқди беҳисоб,
    Норизо кутишди Холбойдан жавоб.

    Рус, татар, бошқирду чеченнинг қорни,
    Нонга тўймас, оғир эди рўзғори.

    Михалков2 :-Чақир,-дер,-Кашпировский3 ни,
    Бошласин куфу суф гипноз ишини.

    Халқимиз очликдан бўлибди невроз,
    (Ҳур республикалар бузилмас союз).

    Ёрдами тегажак ҳар ҳолда оз-моз,
    (Очликдан барисин чалибди невроз).

    -Кўзинг айтиб турар соғмассан, сенга,
    Жин теккан, муҳтожсан ўзинг ҳам эмга.—

    Холдор Михальковга осмайин қулоқ,
    Бўзарди авзойи, буғилди чатоқ.

    -Киройи иш эмас,- деди у,- миш-миш,
    Холини пайпаслаб чекмади ташвиш.

    Бу гапга билдириб Холбой истеҳзо,
    Қайта қурмоқ учун уринди роса.

    «Маслаҳатгўйим, — дер,—азиз хотиним,
    Олам аро йўқдир у каби олим!»

    Ва лекин кўпайгач турмуш ташвиши,
    Ноилож қоларкан Холдордек киши.

    Кўзда тутилмагач керакли мақсад,
    Кўрингки терс кетгай тўғри насиҳат.

    Қош қўяман дея Холдорбой шоввоз,
    Шошиб-пишиб галварс чиқардику кўз.

    Солженицинни тан олсайди шояд,
    Олимларга юзин буриб ниҳоят.

    Кенгаш қурса эди оқиллар ила,
    Муомала қилса бе макру ҳийла.

    Бунчалик тўполон, жанг ила жанжал
    Чиқмасдан барча иш бўлар эди ҳал!

    Афсус, олимларга Рая4 муаллим,
    «Фалак айланмас!»—деб беради таълим.

    Пичинг қип керилар Рая «таҳам там»
    Порчалаб ташлайман дея Русни ҳам.

    Гапирган гаплари билмам не тилда,
    Тил сўйлар, валекин не кечар дилда.

    Тўсмаса йўлин Ельцин Горбачев нақ,
    Қиларди рус юртин қирқ битта бўлак.

    Қулоққа ёқмайин куй ашуласи,
    Юзага чиқмади берган вадаси.

    Тўсмасайди Бориц Юҳонинг йўлин,
    Шопирарди кўкка ручнинг тупроғин.

    1 М. С. Горбачёв назарда тутилмоқда
    2 С. Михалков – М. С. Горбачёв яқинларидан бири.
    3 Кашпировский – ХХ аср 80 – йилларининг охирида телеведение орқали бутун мамлакат бўйлаб табобат сванслари ўтказган машҳур экстросенс табиб
    4 Рая – М. С. Горбачевнинг хотини – Раиса Максимовна

  • Б.Н.Ельцин

    Халойиқ ичида юраркан Ельцин,
    Эл тақдирин ўйлар, сўзлайди секин.

    -Қуролни ишлатма, ишлат ақлни,
    Бил , шунда сақларсан эрку бахтингни.

    Буюкдир Россия, «бирлик» шиори,
    Россия – русларнинг зўр ифтихори!

    Икки тараф бўлди шунда раъият,
    Ҳамда муштоқ бўлди ваъдасига аҳд.

    Сўзда икки томон бўлсада рози,
    Бироқ эди дилда кўп эътирози.

    Партбилетин берди. Генсек1 деди – оҳ,
    «Борис ты неправ! Бу ёмон гуноҳ!

    Тирик бўлса эди Коба2 бу замон,
    Сени Калыма3 да айларди зиндон.»

    Қора хол манглайда титрарди гумроҳ,
    Қозайин дегандай Елтсинларга чоҳ.

    Борис Ельцин тугиб дилда зўр ният,
    Ўз халқига этди у мурожаат.

    Мустақил, янгича ҳаёт орзудир,
    Ватандош! Аяма қолипни синдир!

    Бирлашинг, ниятлар пок бўлсин доим,
    Шунда бизни қўллар қодир Худойим.

    Ельцинчилар енгди, бўлдилар ғолиб,
    Эл-улус қўллади, шуур уйғониб.

    Кўнди мухолиф ҳам шартларга мажбур,
    Ҳаёт давом этди, тўхтади ур-сур.

    Беловешенскнинг машварати ҳам,
    Манманлик русумин айлади барҳам.

    Тинчликни бузмоқни айлабон ният,
    Кўрнамак комфирқа этди хиёнат.

    Борисга пайдар-пай бўлди суиқасд,
    Рақиблар кўпинча кетишарди паст.

    Заҳарлаб газакни коммунист қурғур,
    Ўхшатиб устига суртиб қалампир.

    Гарчи иштаҳани келтирса-да, оҳ,
    Ўзи асраб қолди Боряни Аллоҳ!

    Мухолиф кек – ғазаб қилди ишини,
    Майдонга чорлади минглаб кишини.

    Оқ уйнинг атрофин бир кун тонг саҳар,
    Ўраб олди минглаб қуролли аскар.

    Икки мингта танк ҳам мададга тайёр,
    Истиқлол байроғин эгмоқчи айёр.

    Шу тахлит ою кун кечди пайдар-пай,
    Истиқлолга ҳужум фикридан тоймай.

    Августда бошланди катта можаро,
    Авж олди сену мен тарафлар аро.

    Ён бермоқчи эмас ҳар икки томон,
    Истиқлол тақдирин ҳал этар майдон.

    Ельцинга эргашган ҳур фикрли эл,
    Истиқлол йўлига чиқди боғлаб бел.

    Хайрият, бўлмади жанг, қирғинбарот,
    Чиқди ғолиб Ельцин – ҳаққа суюк зот.

    Истиқлол қалъасин ҳимоячиси,
    Нусрат байроғини тутиб барчаси.

    Ельцин-ла йўл олди Кремл сари,
    Курашчилар сафин ёрқин гавҳари.

    Бўлсада ғанимлар кучли, беҳисоб,
    Халқнинг ғазабига беролмади тоб.

    Юзма-юз курашдан кўрмай манфаат,
    Хуфия жангларни айлади ният.

    Қасамёд қилинди, сўзлади ёлғон,
    Бироқ кирди-корлар қолмасди пинҳон.

    Бўлмади Борисни алдаб ҳеч маҳал,
    Не-не муаммони осон этди ҳал.

    Курашда ноҳақлар мағлуб бари – бир,
    Исёндан сўнг аён бўлди анча сир.

    Мағлублар бўлишиб гўё пушаймон,
    Тирик қолмоқ учун излашар имкон.

    Истиқлолчи, асли, кечгай ҳаётдан,
    Истиқлол йўлида қайтмас жиҳоддан.

    Борис дер: «қилмангиз истиқлолга қасд,
    Истиқлол рус учун доим муқаддас.

    -Истиқлолдан киши юз бурган ҳолда,
    Қолгайдир тоабад мангу заволда.

    Ўйламангки бизлар курашда ожиз,
    Арзимас куч ила четда тургаймиз.

    Айтайин сизларга аниқ хушхабар,
    Ким тескари юрса, ўзига зарар.

    Жойларда биз эса қўшмуштдек бир жон,
    Қулоқ солмаганга етгайдир зиён.

    Истиқлолни ҳурмат айласангиз сиз,
    Юраклар тўрида яшайсиз сўзсиз.

    Биз ахир руслармиз, қаҳрамон, ботир,
    Озодлик йўлида жонлар фидодир.

    Шўрочи ишонмас лекин Аллоҳга,
    Иймон келтиролмас қодир Худога.

    Шу боис орада бузилди битим,
    Виждондан кафолат беролмай ҳеч ким.

    Сотди иймонларин бир пуч баҳога,
    Имонсиз қул эрур мулки фанога.

    Ҳур фикрни тўсди орзу йўлидан,
    Бўлак иш келмайди ноҳақ қўлидан.

    Ҳур фикрлини у кўзга илмади,
    Аҳду паймонларга вафо қилмади.

    Етказиб келганлар зулму озорлар,
    Шу ерда тик турган тулкисимонлар.

    Ҳийлаю найрангу эгри қўл билан,
    Батрак нонин еган ҳаром йўл билан.

    Ҳийла найранглари бари беадл,
    Кибр-ла бир-бирин айлаган қатл.

    Тавба қилишсалар улар мабодо,
    Ваъдаларин тўкис этишиб адо.

    Ҳақ дея бахш этса виждонларини,
    Топишгай шу йўлда нажотларини.

    У ҳолда биз учун қавму қариндош,
    Туғишган биродар қондошу жондош.

    Ўтган гуноҳлари юзга солинмас,
    Таъна— маломатли тош ҳам отилмас.

    -Мен асли билмайман араз қилишни,
    Бошқарар оқиллар ташкилий ишни.

    Уларга кенг ватан қилмагай торлик,
    Беватан қолмагай, чекмагай хорлик.

    Ушбу гапларимда ғалаба қоим,
    Эл кучлари қодир унга ҳар доим.

    Ўчирмоқчи бўлиб эркни пуф- пуфлаб,
    Ҳасратда сўнг юрманг афсус, уф-уфлаб».

    Манифестин атаб дунё дафтари,
    Ленинни аташди Лук пайғамбари.

    Холдорхон бўлганда марказ валийси,
    Қўзғолди бутун куч – юрт аҳолиси.

    Зиддият авж олиб ҳаддан ташқари,
    Йўлдан тойиб кетди мунофиқ бари.

    Ельцин режасини қўллаб ҳар фурсат,
    Қалбларда жўш урди мадад ва нусрат.

    Истиқлол каломин юксак баҳоси,
    Дилларни шод этгай унинг садоси.

    Мушукни кўрганда ҳийлагар сичқон,
    Қочади орқага инига томон.

    Ёв қочди ўзини тешикка урди,
    Ярамас ғоясин илгари сурди.

    Ельцин атрофида тўп-тўп паҳлавон,
    Курашдан чарчамас, барча бегумон.

    Қасам ичиб ғаним гапирди ёлғон,
    Унинг кирдикори фош бўлди шу он.

    Борис билганини ғанимлар билмас,
    Керакли иш тутар, асло шошилмас.

    Оқилни ҳеч қачон бўлмайди алдаб,
    Билсангиз шундадир охир ҳамма гап.

    Курашда мағлубдир ноҳақ бари бир,
    Шул ҳолда очилар орадаги сир.

    Пароканда бўлди ғанимлар сафи,
    Бошлиқнинг етмади уларга нафи.

    Ельцин элни бошлакб муқаддас йўлга,
    Буюк истиқлолни киритди қўлга.

    Ельцин режасини қўллаб ҳар фурсат,
    Қалбларда жўш урди мадад ва нусрат.

    Русда инқилоблар кўп бўлган, аммо,
    Лек бунақасини кўрмаган дунё.

    * * *
    Ўтган кунлар ҳақда Ельцин хотира,
    Сўзларди афсусу надомат ила:

    «Муҳаммад, Ийсони менсимай юрдик,
    «Таврот», «Қуръон»га зид суҳбатлар қурдик.

    Дин аҳкомларини қутлуғ билмадик,
    Қодир Ҳақ ўгитин кўзга илмадик».

    Пийри комиллари Марксдан кейин,
    Янги пир танланди номидир Ленин.

    Билганича сурди у давру даврон,
    Дод деди жабридан минг-минглаб инсон.

    Қизиқ замон бўлди — нокас ҳурматда,
    Кўнгиллар ўртанди, нокас роҳатда.

    Манқуртлар раият бошида турди,
    Ҳар баҳона билан ўз элин қирди.

    Ленин, Надя икков диннинг душмани,
    Жинлари суймасди диндор кишини.

    Узоқ тутинг ўзни дедилар диндан,
    Миясига шайтон қурганди ватан.

    Черковни бир четдан бузди, қулатди,
    Онгларга банд солиб динни йўқотди.

    «Таврот»ни, «Қуръон»ни кўрсада ўқиб,
    Юрарди бошқача туҳматлар тўқиб.

    Диний тарихимиз йўли ҳақида,
    Тўқиган тинмасдан ёлғон ақида.

    Бир ўқ билан Каплан дамин ўчирди,
    Тарихни орқага қайтармоқ бўлди.

    Армонлар, аламлар айлади исён,
    Сталин ғолибу «қийғир» бўлди хон.

    «Қийғир»хон – Сталин ўлган чоғида,
    Қолгандик негадир қайғу доғида.

    Доҳиймиз ўлди деб бари туриб тик,
    Йиғладик, дилларда ҳукмрон ҳадик.

    Гитлер келар эмиш бостириб дедик,
    Қўрққандан увиллаб беш кун йиғладик.

    Сафдоши Берия – қўлида қурол,
    Лол қотдик, давлатни олар деб дарҳол.

    Минг тўққиз юз эллик учинчи баҳор,
    Ленин йўли пўсти ситилди илк бор.

    Диллардан йўқолди қуллик ва ҳадик,
    Ажиб эпкин эсди, роҳатбахш, илиқ.

    «Сукин сын»4 -и қилгач алғов-далғов иш,
    Давлат кемасида бўлди тўнтариш.

    Бу ҳолга Суслов ҳам қараб турмади,
    Тез ҳолда кеманинг рулин ушлади.

    Йигирма йил сурди давр ила даврон,
    Паст жағи осилган доҳий қаҳрамон5.

    Афанди ҳам бир кун шоҳни чалғитиб,
    Ишонтирган экан афсона айтиб:

    -Эшагим юзини буриб Қуддусга,
    Тушунгай сиз айтган ҳар битта сўзга!

    Фақат йигирма йил беринг муддатни,
    Сўрайверинг сўнгра ундан ҳар гапни.

    Шубҳа қилманг шоҳим, айлангиз инъом,
    Сизга кароматим айтиб батамом.

    Эшагим саводли қилай шул муддат,
    Сиз ила гаплашса бу бир саодат.

    Сўнг эшагим сизга айлагай тоат,
    Бахш этар шоҳимга ҳузур-ҳаловат.

    Сизларни поклаш-чун ўқийди китоб,
    Эъзозлаб ҳайвонга этгайсиз хитоб.

    Лақма шоҳ ишонди, ҳайратда қотди,
    У дарҳол Қуддусга юзин қаратди.

    -Тавба!- деб шуурин қамради ҳайрат,
    Овутди ўзини, топди ҳаловат.

    Етмиш йил давоми афанди мисол,
    Иш тутди Советлар кутиб бемалол.

    Ғирт ёлғон ваъдалар, гўё пуч ёнғоқ,
    Бир муддат айлади кўнгилларин чоқ.

    «Кузькина мать» – дейди сўкиниб такрор,
    Социализм қурган соқов, сўқилар

    -Йигирма йил ичра бўлади бунёд,
    Коммунизм деган гўзал бир ҳаёт.

    Ундан сўнг кўргайсиз ўғрию попни,
    Ойнаи жаҳондан охирги доғни.

    Дея роса оғиз кўпиртирдилар,
    Юксак ҳаёт ҳақда хаёл сурдилар.

    Ақлсиз эшак ҳам ботган чоғ терга,
    Овнайди тўкиш чун канасин кулга.

    Жаҳолат комида қолдилар бешак,
    Уларга ибратдир қиссаи эшак.

    Эркнинг нашидаси жуда ширин сир,
    Чекиндим мавзудан ўқувчим, кечир.

    Вақтида талтайиб роса яйрашди,
    Юксак минбарлардан бетин сайрашди.

    Мансабни талашиб, Қизил, Оқ, Яшил,
    Бўла олмадилар ҳеч қачон аҳил.

    Эл дардидан йироқ ҳаёти кечмиш,
    Шиори: бўлса беш, бўлмаса ўн беш.

    Баъзиси бугун ҳам амалга минган,
    Мослашиб истиқлол бағрига сингган.

    Ҳар жойда маъқуллар шахсий фикрини,
    Тулкидек билдирмас дилдаги кирни.

    Салтанат тахтлари қилса-да асир,
    Бевафо дунёдир бу қадим қаср.

    Келишинг, кетишинг бир лаҳза эрмак,
    Чопишинг, топишинг бевафо – йиғмоқ.

    Аммо бир гуруҳ бор якрав ва саркаш,
    Истиқлол айламиш улар кўнглин ғаш.

    «Дунёни титратди,- дерлар,- доҳиймиз,
    Содиқ коммунистлар авлодимиз биз.

    Ленин шоҳ – ҳокиммиз осмону ойча,
    От изин босади деганку тойча.

    Биз эса доҳийнинг зурёд қулуни,
    Истиқлол босолмас Ленин ўрнини.

    Жаҳоннинг ярмига бўлган ҳукмрон,
    Бобомиз бизларга ҳар доим қалқон.

    Унга нойибмиз биз қилмай хиёнат,
    Ҳайкал, суратига қилиб ибодат.

    Шон-шуҳрат топгаймиз итоат билан,
    Амрин бажаргаймиз қувониб дилдан.

    Мағрибу Машриқнинг султони доҳий,
    Коммунизм учун жасур фидоий.

    Оёғин ўпардик бахтли ҳар кунда,
    Бурчимиз бажариб бу даҳри дунда.

    Сўзимиз ўша сўз қаттиқ аҳд-паймон,
    Истиқлол келтирди бизларга зиён»

    Дилларидан кетмай у кунлар ёди,
    Дейишар: «СССР тикланса эди!

    Масковга, ЦК6 га қилиб шикоят,
    Текшир-текширлардан қилардик роҳат.

    Бугунги тадбиркор, бизнесмен тожир,
    Питирлаб қоларди, томошани кўр.

    Не қилишин билмай қолар пулдорлар,
    Қулоқлар7 даврини унутди булар.

    Ҳижобли аёллар эслатар ғамни,
    Соқолликлар босиб кетди оламни.

    Ҳижобларин юлиб ёқардик гулхан,
    Соқолликка Сибир бўларди ватан.

    Орзу- умидимиз бизнинг – коммуна,
    Истиқлол дегани бизга бегона».

    Шундай хом хаёллар суриб эрта-кеч,
    Истиқлолни ҳазм қилолмаслар ҳеч.

    Кул тўкса эшакнинг битларин фақат,
    Букрини ростлагай бепайванд лаҳат.

    Истиқлол уларни этмай номурод,
    Нафақа тайинлаб кўнглин этди шод.

    Сизга бўлсин деди роҳат-фароғат,
    Истиқлол йўлида кўрсатинг ҳиммат.

    Ҳеч кимни қилмадик бадарға, ғариб,
    Ватанда бўлмагай мағлуб ва ғолиб.

    Мақсадимиз ватан ободлигидир,
    Шу муқаддас юртнинг озодлигидир.
    * * *
    Мўндилар охири қариб қолишди,
    Эзма, сергап насиҳатгўй бўлишди.

    Ўзаро талашиб мансаб ва амал,
    Зўрларни кучсизлар қилганди қамал.

    Кўпларни қиришди улар қулоқ деб,
    Эскилик сарқити, хоин, қолоқ деб.

    Худони тан олмас эдилар ҳайҳот,
    Худосиз одамми асли одамзод?!

    Қалблари бегона завқу сурурдан,
    Бенасиб қолишди илоҳий нурдан.

    Ҳаётда бўлмагач иймон шуъласи,
    Бошланар шайтоннинг зўр ашуласи.

    Миллий анъанага қилмайин амал,
    Аста-секин чиқди низою жанжал.

    Йўқсиллар кўрсатди шахсий ташаббус,
    Ёвузликка бериб зўр сиёсий тус.

    Ўғирлик, ваҳшийлик, қотиллик, зўрлик,
    Хиёнат, фосиклик ҳам порахўрлик.

    Авж олиб майхўрлик, ҳамоқат, ғарлик,
    Тўғрига бу олам қиларди торлик.

    Ҳар ким яшамаса шунга мувофиқ,
    Жазоланар эди ўзига лойиқ.

    Кимки гап қайтарса аҳволи чатоқ,
    Насибаси эди симхоли чорбоғ.

    Фирқанинг қонуни бўлди устувор,
    Фақат фирқа эди элга ҳукмдор.

    Қўрқув ва даҳшат-ла ҳукм юргизиб,
    Ҳукмини бузганга найза кўргизиб.

    Ҳам ҳийла-найрангни тушириб ишга,
    Шогирд тайёрлатди қўрқув ёзишга.

    «Тройкаю, пяторка» сергак ва ўжар,
    Худди оч бўридек дарров ташланар.

    Тахтда ўлтирарди Сталин — ҳоқон,
    Унга юзланишдан жон бермоқ осон.

    Ҳамма ёқда мотам – қирғин-қатағон,
    Одамлар ғимирлар ҳовучида жон.

    Бир оғиз сўзини эгри бурган зот,
    Ростлашга имкон ҳам топмасди ҳайҳот.

    Эл эҳтиёт қилиб босарди қадам,
    Комфирқа ранжиса — кунинг ғам-алам.

    Даҳшат салтанати қақшатиб жаҳон,
    Етмиш йил сурди-ей давр ила даврон.

    * * *

    Қайларга қочардинг сўққа қоқ бошим,
    Эссиз тақдиримдан сўзга сўз бошим.

    Бармоққа тутқазиб қалам-аламни,
    Комфирқа ҳақинда сурдим каломни.

    Бу дунё аслида синов майдони,
    Оқиллар топгайлар шарафу шонни.

    Қатағон қурбони минг-минг нечалар,
    Умр тонгин зулмат этди кечалар.

    —Хизмат қил,- дедилар,- социализмга,
    Ижодкор эркини олиб измига.

    Шоиру адибни ушлаб қўлига,
    Кўз узмай қараган каби лўлига.

    Алҳазар, уларда «собачье сердце»
    Ҳақлидир, «гўр сўхта» ким агар деса.

    Дунё ташвишидан шоир огоҳдир,
    Нўноқлик шоирнинг шаънига ётдир.

    Ўқувчига айтар дилда борини,
    Ошиқлар оҳию ва ишқ зорини.

    Қанот ёз насибам, эй субҳу шомим,
    Ёзайин ўқиш -чун сирли достоним.

    Тузай ҳикмат сўзин ўзга мақомда,
    Мадад бер, Аллоҳим, янги замонда.

    * * *
    Кўз ўнгимда пайдо жаннатий макон,
    Орзудаги юртим – ҳур Тожикистон!

    Ватанимнинг зинҳор йўқдир қиёси,
    Димоғимда ўйнар райҳоний иси.

    Эрк – Истиқлол юртга туҳфадек гўё,
    У берди элимга янгича дунё.

    Тожикистон юрти – жаннат тимсоли,
    Ўзига тегишли бор бойлик, зари.

    Фарзандлар – ўғил-қиз юртнинг гавҳари,
    Саодатдан сўзлар сидқ ила бари.

    Бу юртнинг меҳридан яйрайди жоним,
    Қувончдан кўпирар томирда қоним.

    Фахримсан, бахтимсан, жонажон диёр,
    Мустақилсан, энди сенга зафар ёр.

    Ҳақ сўз учун бир пайт топгандим озор,
    Лек кутдим бу дамни интиқ-интизор.

    Комфирқа ғоясин гоҳда қоралаб,
    Тилимни тиёлмай, очган эдим лаб.

    Натижа аянчли бўлди албатта,
    Эзилди жисму жон пўлат катакда.

    Етмиш йилдан кейин бузилмас кишан,
    Дарз кетиб узилди, қолмади нишон.

    Истиқлол умидим бардам айлади,
    Ўксиган дилимни беғам айлади.

    Янги дунё қурар ёшлар субҳу шом,
    Муртазо дилида жўшмоқда илҳом.

    Тожикистон мадҳи, гўзал юрт мадҳи,
    Достон бўлур, шудир шоирнинг аҳди.

    Истиқлол шарафин куйлагайман мен,
    Истиқлол тақдирин ўйлагайман мен.

    Тугади нокасга ўйинчоқ бўлмоқ,
    Қутлуғ истиқлолнинг йўлларидир оқ.

    Унинг эрта, индин, кундуз-кечасин,
    Юртбоши белгилар пухта режасин.

    Мустақиллик даврнинг янги ғояси,
    Шу йўлда жон фидо элнинг оғаси.

    Кўп асрлик орзу эди истиқлол,
    Халқ орзуси ҳеч вақт билмайди завол!

    Эркиндир мафкура майдони энди,
    Эркин фикрлини таъқиблаш тинди.

    Истаган мавзуда тортмай хавотир,
    Ақидасин баён айлайди шоир.

    Сиёсат оламин ҳар билимдони,
    Хаёли хотиржам, хатарсиз жони.

    Барча камчиликлар чекинар секин,
    Истиқлол насими абадий эссин!

    Юртим ободлиги истиқлолдандир,
    Дилларнинг шодлиги истиқболдандир.

    Бу ўлкани бошлар истиқбол сари,
    Эмомали Раҳмон – юртим сарвари..

    Истиқболи оппоқ Тожикистоннинг,
    Келажаги порлоқ Тожикистоннинг.

    Адолат асрагай унинг тахтини,
    Худойим, баланд қил тожик бахтини!

    1 Генсек – СССР Компартиясининг бош котиби
    2 Коба – И.В. Сталиннинг партиявий лақаби
    3 Калыма – Магадандан 506 км. Масофада жойлашган жойнинг номи. Бу ерда 30-йилларда жуда кўп консентрацион лагерлар очилган эди.
    4 «Сукин сын» – КПСС бош котиби Н. С. Хрущевнинг ибораси.
    5 Қариб қолганига қарамасдан КПСС бош котиблиги вазифачини 20 йил давомида қўлида ушлаб турган Л. И. Брежнев назарда тутилган.
    6 ЦК – КПСС Марказий қўмитаси
    7 Қулоқ – кичик бойлар ва ўртаҳол деҳқонларни шу ном билан атаб, мол-мулкларини тортиб олиб, ўзларини сурган ёки қатл қилишарди.

  • ЯХШИНИНГ ЁДИ

    (Ўзбек халқининг заҳматкаш фарзанди
    Шароф Рашидовга атаганим)

    Ҳеч кимга сир эмас,
    Кўҳнадир биз билган дунё,
    Бағрига не-не сир,
    Асрорлар бўла олган жо.

    Кимлардир гул эккан,
    Кимлардир айлаган хазон,
    Кимдир заҳмат чекар,
    Кимлардир яшаган осон.

    Асрдош, Ватандош,
    Заҳматкаш Шарофхон ота,
    Умрини яшади
    Ўзбекнинг ташвишин торта.

    Эзгулик қадрини
    Англамас бир неча муртад,
    Бағрини кемириб
    Бир мараз – шифо топмас дард.

    Бўҳтонни ўлчамай,
    Ўйламай солдилар ишга,
    Зулмат каби парда
    Тортмоқчи бўлди қуёшга.

    Орзуси тинчлигу
    Ободлик эди-ку унинг,
    Орзуси тўкинлик
    Ва шодлик эди-ку унинг.

    Нафсини жиловлаб,
    Шуҳрат деб қайғурмаган у,
    Дунёда ўзбегим
    Тен сиз деб лоф урмаган у.

    Жиззаху Мирзачўл
    Толеин пахтадан кўрган,
    Қарши, Қорақалпоқ
    Борлигин нурга йўғирган.

    Фарғона, Самарқанд,
    Сурхоннинг эртасин ўйлаб,
    Хоразм, Бухоро
    Истиқбол режасин сўйлаб.

    Яшаган Рашидов
    Оз умрин, соз умрин ҳалол,
    Қутлуғ нятлари
    Ўлкада кўрсатиб жамол.

    Сахийлик нимадир?
    Тантилар ўрганар ундан,
    Шу хислат уни тарк
    Этмади туғилган кундан

    Ижодий меҳнатдан
    Эл ичра топди шараф-шон,
    Заҳматин шарафлаб
    Мукофот беришди уч миллион.

    Қўл қўйди тутмади
    У пулни мукофот атаб,
    -Хизматга розиман,
    -Деди у,—қуринглар мактаб.

    Ўттиз йил қуш уйқу
    Яшади билмай оромни,
    Элининг ғамида
    Кутарди ҳар субҳу шомни.

    «Ўзбек бекасига
    Бўйсинар зангори олов,
    Ҳар уй остонасин
    Олтиндан айлар Мурунтов.

    Дер эди отахон:
    «Беш йил тинч қўйсалар бизни»,
    Бахтиёр кўрмоқни
    Истарди ҳар ўғил-қизни.

    Турмушда тўғаноқ
    Иллатлар илдизин истаб,
    Бу ҳақда китоблар
    Ёзди у маърифатли қалб.

    Ишлаётир ҳозир
    Учқудуқ, Бухоро, Газли,
    Булар ўзбек учун
    Туганмас хазина ҳали!

    Дунёнинг ишларин
    Бўларкан доим бири кам,
    Яшнаган ўлкага
    Зилзила келтирди алам.

    Отанинг хуш сўзи,
    Тадбири ўша мушкил дам,
    Ҳақиқий дўстларни
    Этолди Тошкент ичра жам.

    Қайтадан яралди
    Маҳалла, гулзору қаср,
    Мисолин кўрмаган
    Тарихда ҳеч қайси аср.

    Табиат балосин
    Енголди дўстлик мадади,
    Юртбоши Рашидов
    Ўз даврин асл фарзанди.

    Кўнглида пишириб
    Эртанинг хуш режасини,
    Тошкентда ҳам метро
    Қурмоқлик андишасини.

    Сафдошлар наздида
    Ўйлашиб кенгашиб олди:
    Бу ишга жумҳурнинг
    Имконин ҳам ишга солди.

    Бухоро мармари,
    Бекобод метин метали
    Туфайли қаддини
    Тиклади метролар зали.

    Нурота фируза
    Шишаси берди оройиш,
    Хуллас, достон бўлди
    Тилларда бу хайрли иш…

    «Яхшининг умри оз»
    Дейилган азалий масал,
    Отанинг жонига
    Чанг солди беомон ажал.

    Элу юрт борлиғин
    Бахш этиб ўтли фироққа,
    Шарофхон отани
    Элтишди совуқ тупроққа.

    Не-не орзу-ҳавас
    У билан тупроққа кетди,
    Элнинг жонкуяри
    Ҳеч қайтмас бир ёққа кетди.

    Нурнинг кушандаси
    Азалдан эрур зулумот,
    Ўзбекнинг бахтига
    Чанг солди бу гал хусумат.

    Ота кетди, афсус,
    Энг ёвуз ҳасад уйғонди,
    Жабридан ўртаниб
    Ҳўл-қуруқ баробар ёнди.

    Сарбони ўтгач оҳ,
    Ўзбекни ўғри дедилар,
    Бўҳтонни олқишлаб,
    Далиллаб тўғри дедилар.

    «Пахта иши» дея
    Аталган ул балойи жон,
    Неча пок виждонни
    Хўрлади айлаб ногирон.

    Баъзилар бардоши
    Дош бермай ноҳақ бўҳтонга,
    Қўл силтаб нур тўла
    Умрига қасд қилди жонга.

    Отахон шаънига
    Қилдилар иғво омонсиз,
    Маъқуллаб гердайди
    Туз еган неча имонсиз.

    Суллоҳлар ўзаро
    Ғажишди аёвсиз, ёмон,
    Бир-бирин қулатиб,
    Қасд олиб қолмоқ-чун омон.

    «Марказ»дан зўрликда
    Тенги йўқ энг олий ҳакам,
    Борлиқнинг эгаси
    Эмишлар у «одил» тўрам.

    Малайларин йўллаб,
    Киш-кишлаб айлади фармон,
    Ўзбекнинг юртида қайтадан
    Бошланди қонли қатағон.

    Дурбин-ла излашди
    Макрни иғвогар Иванов, Гдлян
    Қалбларига иблис
    Қурганди абадий ватан.

    Масков «доҳий»лари
    Барчаси боғлашиб ҳиммат,
    Дейишди
    «Адолат қурмоққа» етишди фурсат.

    Холислик қолмади:
    Оппоқни қора дедилар,
    Жазодан сақловчи
    Каттакон пора едилар.

    Чорасиз қолганнинг
    Насиби темирдан қафас,
    Эътибор топмади
    Ҳеч ерда эл-юрт қилган арз.

    «Жиноятчиликда
    Ўзбекка Рашидов бошлиқ,
    Бу элнинг барчаси
    Ўғридир, унда йўқ поклик!»

    Имонли, соф қалбли,
    Фидокор ўн минглаб инсон,
    Иғвонинг тўрига
    Тўҳмат-ла илинди осон.

    Чинқириб гўдаклар,
    Кексалар ўкинч тўла дил,
    Юртда тинчлик битди—
    Марказнинг муроди ҳосил.

    Эл бахтин мукаммал
    Камолин кўролмаганлар,
    Элларнинг тинч-тотув,
    Хуш ҳолин кўролмаганлар,

    Иғвони чин билиб,
    Довдираб йўқотди бошин,
    Ёвузга жўр бўлиб
    Таҳқирлаб, хўрлаб юртдошин.

    Қабрларни очиб,
    Гуноҳдан қилмайин ҳазар,
    Арвоҳлар безовта,
    Дарбадар кезди, алҳазар!

    Нечалар рўёни
    Ҳақиқат дея билдилар,
    Кўп ўтмай «адолат»
    Тўрига тез илиндилар.

    Замона ўзгарди,
    Шовуллар эркинлик ели,
    Қоматин тиклади,
    Жафокаш ўзбекнинг эли.

    Ҳақиқатга кафан
    Бичади ёвузлик азал,
    Аммо ҳақиқат-чи,
    Ғолибдир,музаффар ҳар гал.

    Гоҳо эгилса-да,
    Синмади асло ҳақиқат,
    Гоҳо енгилса-да,
    Курашдан бўлмади карахт.

    Ҳар ҳолда ҳақиқат,
    Албатта,яшнаб юз очар,
    Ҳақиқат қудратин
    Минг кара синаган башар!

    Ўзбекнинг ақлидан
    Ҳақ топди жойида қарор,
    Элга фахр бугун,
    Рашидов ҳамда пахтакор.

    Ҳасрат тўла кунлар
    Туш каби сўнмоқда секин,
    Рашидовнинг халқи
    Улғаяр авайлаб эркин.

  • СЎНГГИ СЎЗ

    Умр эриб борар гўёки бир шам,
    Ўтган кунлар ёди тутқазди қалам.

    Тупроқ узра бу кун борман омонат,
    Ажралмас ҳамроҳим покиза меҳнат.

    Минг шукр: ўғил-қиз камолин кўрдим,
    Невара етаклаб боғларда юрдим.

    Эрта ташлаб кетган эди онамлар,
    Қайнонам онамдир, чекинди ғамлар.

    Вафодор йўлдошим Хосиятбону,
    Бахтим кошонасин жону жаҳони.

    Ўғиллар ўз юкин эплар бемалол,
    Маълумоти олий, топгани ҳалол.

    Шифо отлиғ сулув, гўзал қизим бор,
    Невара – бир этак, ўлсам, изим бор.

    Навқирон ёшликда кўп бор қоқиндим,
    Гоҳида рўёга билмай топиндим.

    Туҳматнинг тўқмоғин кўрди ёш бошим,
    Комфирқа эзғилаб ўтди бардошим.

    Яхшиям яхшилар кўпдир ҳаётда,
    Улар-ла даврдан қолмадим ортда.

    Элим хизматини билдим муқаддас,
    Дардлига кўмакда эдим беғараз.

    Шифокор аталган тиниқ номим бор,
    Эл ҳурмати – бахтим, юпанч, ифтихор.

    Қўл меҳнатда банду дилимда Аллоҳ,
    Шуҳратнинг изидан қувмадим асло.

    Аллоҳнинг инъоми: ақл, бадан соғ,
    Дўстларим меҳридан кўнглим доим чоғ.

    Илҳом эҳтироси қилиб гоҳ туғён,
    Армоним тилимга айлагай баён.

    Шу йўсин яратдим шеъру достонлар,
    Ўқиган ҳам билим, ҳам завқ-шавқ олар.

    Икки қондош-жондош дўсту биродар
    Ўзбек ва тожикка тиладим зафар.

    Бу икки миллатни кўтардим бошга,
    Уларнинг шуҳрати етгай қуёшга.

    Бу фоний дунёда мангу эмасмиз,
    Фурсати етгач сўнг «Йўқ, йўқ!» демасмиз.

    Менга ҳам келганда видонинг гали,
    Меҳнатим, ёзганим бўлур тасалли.

    Амина, Олимжон, Суннат, Улуғбек,
    Достоним ўқирлар яшнашиб гулдек.

    Дуо-ла бобосин доим этгай ёд,
    Шодланар Муртазо руҳи умрбод.

    ***************************************

    Бу ғазални кенжа набирам Амина (“Бу – Бу”)-га бағишлайман.

    “Бу – Бу” қизнинг тақозаси йўқ оламда,
    Танҳо кузгу осмон сафонинг мавҳваши.

    Ошиқларин саноғи йўқ бу қавмда,
    Санам қизнинг аксидир сув париваши.

    Осмондаги юлдузлар оро танҳо ой,
    Шарқнинг маликаси пари оҳу – яй.

    Тин билмай оқаётган Варзоб дарёси,
    Салом бергай “Бу – Бу” қизга тоғ лоласи.

    Боғ – бўстон гулшанлар наздингда ҳойноҳой,
    Бош эгиб чеҳрангдан олгайлар чирой.

    Ҳуснингга рашк айлар сайроқи қушлар,
    Васлингга дош беролмас ҳижрон ошиқлар.

    Ота – она узатганда қиз эркасин,
    Эслаб тур дер  “Бу – Бу” деган чол эртасин.

    ***************************************

    Зўрёдимнинг зўрёди чеварам Муҳсин,
    Муртаз шоир катта бобосини гоҳо.

    Эслармикан йиғиштириб олгач эсин,
    Ё бўлармикан ота эркаси танҳо.

    Осмон гувоҳ, замин гувоҳ фалак борлиқ,
    Набирамнинг зўрёди Ҳасанбек ўгли.

    Катта бобоси Муртазо адиб янглиғ,
    Шоир булур Зарафшону Вахш булбули.

    Байт битар руҳин бобосин шод айлабон,
    Байтларида ишқ мақоми, чўл биёбон.

  • Изоҳ материаллари:

    XIX асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб чор Россияси Ўрта Осиёни ўз тасарруфига киргизиш борасида жаҳд-жадал қила бошлади. Бу даврда Ўрта Осиё ҳудудида 3 та хонлик, Бухоро, Қўқон, Хива хонлиги ҳукмронлик қиларди.
    Россия ана шу мансабпараст хонларни ўзаро бир-бирига гиж-гижлаб, жанжалга солиб, уларни заифлаштириб ўзининг мустамлакасига айлантирди.
    Дарҳақиқат, чор Россияси мустамлакачилиги ўзининг беҳад зулмкорлиги, қабоҳати билан юртимиз, унинг жафокаш одамлари қалбида ўчмас доғ –ҳасрат қолдирди. У аждодларимизнинг қалб оламини азалдан безаб, уларни маънан ва руҳан қўллаб-қувватлаб келган не-не асл маънавий қадриятларни завол топтира бориб, уларнинг жисми –жонида мавж уриб келган миллий истиқлол ва эрк туйғуларини аста-секин сўндиришга уриниб келди. Урта Осиё тупроғини қонга белаган чор босқинчиларидан бири, қонхўр генерал Скоболевнинг: «Миллатни йўқ қилиш учун уни қириш шарт эмас, маданиятини, санъатини, тилини йўқ қилсанг бас, тез орада ўзи таназзулга учрайди» каби беҳаё сўзлари бекорга айтилмаган, албатта.
    Бу ҳудудда ўзга миллат ҳукмдорларининг зўрлик ва зулмкорликка асосланган бошқарув тизими ва сиёсати юргизила бошлангандан эътиборан унинг мазлум ва жабрдийда халқлари ўз эрки, озодлигидан маҳрум этилиб, бировлар қўл остига тобе ва муте бўлиб қолдилар. Ҳаттоки Туркистоннинг сўнгги генерал губернатори А. Куропаткиндек юқори мартабали «зот» ҳам : «Биз 50 йил туб жой аҳолини тараққиётдан жиловладик. Уни мактаблар ва рус ҳаётидан четда тутдик», деб эътироф этган эди. Бироқ шу нарса ҳақиқатки,
    Бу ўлканинг табиатан мағрур ва масрур халқлари ҳеч қачон ўзларининг чор-ночор қисматига тан бериб, ўзгалар жиловига бўйсиниб яшашга рози
    бўлмаганлар, балки, аксинча, ўз эрки, миллий мустақиллиги йўлида мардонавор курашганлар.
    Улар юрт озодлиги, мустақиллигини жон қадар эъзозлаб, шу муқаддас мақсад йўлида азиз жонларини озодлик меҳробига нисор этганлар. Юрт миллий истиқлоли учун кураш дарғаларидан бири, қатағонлик қурбони, буюк маърифатпарвар А. Фитратнинг «Ватан саждагоҳимдир» деган бир калима иборасида оламжаҳон теран маъно акс этганини англаш қийин эмас.
    Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдурауф Фитрат, Файзулла Хўжаев, Абдулла Авлоний, Мунаввар Қори Абдурашидхонов, Ҳамза Ҳакимзода, Исҳоқхон Ибрат, Садриддин Айний, Абдулқодир Шакурий сингари юрт илғор пешволарининг Ўрта Осиё озодлиги, истиқлол йўлида қилган улкан саъй-ҳаракатлари, миллат фарзандлари таълими, тарбиясини ислоҳ қилиш, яхшилаш, уни юксак замон талаблари даражасига кўтариш борасидаги заҳматлари таҳсинга лойиқдир. Энг муҳими, улар халқимиз онги, тафаккурини зиё нури билан ёритиш, ўзлигини англатиш, ёрқин келажакка комил ишонч билан қараш, ўз эрки, мустақиллиги учун изчил курашиш бобида беназир фаолият кўрсатдилар.
    1917 йил 14 мартда Тошкентда жадид арбоблари ташаббуси билан тузилган «Шўрои Исломия» мусулмон аҳолининг ваколатли органи (мусулмонлар совети) сифатида унинг иродасини ифода этди, манфаатларини ҳимоя қилди.
    Ўлканинг турли жойларида «Шўрои Исломия»нинг қуйи шўъбалари тузилиб, улар маҳаллий аҳоли орасида қизғин фаолият юритдилар. Шунингдек, «Шўрои Исломия» таъсирида жойларда турли номларда инқилобий ташкилотлар вужудга келди.
    Тошкентда «Турон», «Иттиҳоди тараққий», Андижонда «Озод халқ», «Ҳуррият», «Маърифат», Самарқандда «Мирваж-ул Ислом», «Клуб Исломия», «Мусулмон меҳнаткашлари иттифоқи», Каттақўрғонда «Равнақул Ислом», «Гулистон» ва бошқалар шулар жумласидандир. Бу ташкилотлар ва уларнинг раҳнамолари илғор жадидчилик ғоялари таъсирида иш юритдилар. М. Беҳбудийнинг «Ҳақ олинур, берилмас!», Мунаввар Қорининг «Ҳуррият берилмас, олинур!» шиорлари уларнинг чинакам кураш байроғига айланган эди. Шу тариқа Туркистонда уч ҳокимиятчилик вужудга келди.
    «Шўрои Исломия» ташкилоти ташаббуси билан 1917 йил 16 апрелда Умумтуркистон мусулмонларининг I қурултойи чақирилади. Қурултой анча ваколатли анжуман бўлиб, унинг ишида Туркистоннинг кўплаб атоқли кишилари, таниқли сиёсий арбоблар қатнашган эдилар. Қурултой кун тартибига 16 та масаланинг қуйилишининг ўзи ҳам унинг катта аҳамиятидан дарак берарди. Қурултойда ўлканинг бўлажак давлат қурилишига алоҳида тўхталиниб, Туркистонга кенг мухторият ҳуқуқини берадиган демократик Россия Федерацияси тузилиши ғояси илгари сурилди. Қурултойда Марказий раҳбар орган – Туркистон ўлка мусулмон шўросини тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
    Туркистонда совет ҳокимиятини ўрнатиш ғоятда мураккаб жараёнда кечди. Бунинг боиси, аввало, октябр ғояларининг маҳаллий туб жой аҳолининг дили ва шуурига ботмаганлигидадир. Негаки, бу замин аҳолиси социалистик ўзгаришлар орқали ҳамма нарсани умумлаштириш ва миллийлаштиришни, асрлар давомида шаклланган ўзига хос турмуш тарзини, яшаш шароитини,
    хўжалик юритиш, идора қилиш тартиб-қоидаларини бир лаҳзада тубдан ўзгартиришни хоҳламасди.
    Бинобарин, бу бегона маслак ва ғоялар большевиклар фирқаси ва унинг туркистондаги яловбардорлари томонидан куч ва зўрлик билан ўлка халқларига мажбур қилинди. Бу эса жойларда халқ қонининг дарё янглиғ тўкилишига, мислсиз қурбонлар берилишига сабаб бўлди. Чунки большевиклар тузуми томонига ўтишни хоҳламаган, унинг мақсад-моҳиятини ёқтирмаган кўпчилик аҳолига нисбатан ўлканинг кўплаб ҳудудларида очиқ-ошкор тарзда талон-тарож, босқин ва хунрезликлар уюштирдилар.
    Аҳолини маънавий-руҳий камситиш, диний эътиқодини, исломий қадриятларини таҳқирлаш, муқаддас қадамжоларни ҳақоратлаш, диний китобларни гулханда ёндириш – булар совет тузуми зўравонлари учун ўша кезларда одатий тус бўлиб қолганди. Аниқ расмий маълумотларга кўра, Фарғона водийсида совет ҳокимиятини ўрнатиш чоғида Марғилонда 7 минг, Андижонда 6 минг, Наманганда 2 минг, Бозорқўрғон ва Қўқонқишлоқ (ҳозирги Пахтаобод тумани) атрофларида 4,5 мингдан зиёд бегуноҳ кишилар қирғин қилинган. Бундай қирғинлар Туркистоннинг бошқа шаҳар ва қишлоқларида ҳам совет ҳоркимиятини ўрнатиш чоғида содир этилди.
    Ниҳоят, 1917 йил 26 ноябрида Қўқонда ўлка мусулмонларининг IV фавқулодда қурултойи чақирилди. Унда ўлканинг 5 вилоятидан 200 нафардан зиёдроқ вакиллар иштирок этди. Қурултой ишида «Шўрои Исломия», «Шўрои Уламо», Мусулмон ҳарбий Шўроси, Ўлка яҳудийлар жамияти намояндалари қатнашдилар. Жами 13 киши сайланди. Мазкур қурултойнинг уч кун тўхтовсиз давом этган фаолиятининг якуни ўлароқ ҳудуднинг қонуний эгаси – Туркистон Мухториятини тузишга муваффақ бўлинди. Бу хусусда қабул қилинган қарорда шундай дейилади:
    «Туркистонда яшаб турган турли миллатга мансуб аҳоли Россия инқилоби даъват этган халқларнинг ўз ҳуқуқларини ўзлари белгилаш хусусидаги иродасини намоён этиб, Туркистонни Федератив Россия республикаси таркибида ҳудудий жиҳатдан мухтор деб эълон қилади, шу билан бирга мухториятнинг қарор топиш шаклларини Таъсис мажлисига ҳавола этади». Шундан сўнг қурултой «Туркистонда яшаб турган миллий озчилик ҳуқуқларининг муттасил ҳимоя қилинишини тантанали равишда эълон қилади».
    Янгидан таркиб топаётган давлат Туркистон Мухторияти деб аталадиган бўлди. Таъсис мажлиси чақирилигунга қадар ҳокимият тулиғича Туркистон Муваққат Кенгаши (12 кишидан иборат) ва Туркистон Халқ (Миллий) Мажлиси (54 кишидан иборат) қўлида бўлишлиги таъкидланди.
    Қурултойда Туркистон мухторияти Муваққат Кенгаши – ҳукумат тузилди. Унинг таркибига 12 кишидан иборат аъзолар сайланди.
    Туркистон Мухторияти оғир, машаққатли синовлар жараёнини бошдан ўтказаётган бир кезда, яъни 1917 йил 25 декабр куни Қўқонда ўлка мусулмон ишчи, аскар ва деҳқонларининг I фавқулодда қурултойи иш бошлади. Унда 200 га яқин вакиллар иштирок этди. Қурултой мухториятни ҳар томонлама қувватлаш, унга моддий ва маънавий мадад кўрсатиш шиори остда ўтди. Унда ўлканинг қонуний ҳукумати таркибини мусулмон ишчи, аскар ва

    деҳқон депутатлари қурултойи вакиллари ҳисобига тўлдириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Қурултой ўзининг сўнгги иш куни – 27 декабрда Петроградга, Халқ Комиссарлари Кенгаши Раисига телеграмма йўллади. Унда Туркистон Мухториятини эътироф этиш, унинг тўлақонли фаолият кўрсатишига изн бериш сўралган эди. Хусусан телеграммада шундай дейилганди:
    «…Бугун Туркистон халқи иккала қурултойда Туркистон Мухториятини бир овоздан эълон қилди ва Туркистон Таъсис мажлисига ўлкани бошқаришнинг сўнгги шаклини ишлаб чиқиш таклиф этилди… Сафланган халқ кенгашида руслар ва европаликлар шаҳар ва қишлоқ аҳолисининг 2 фоизини ташкил этса-да, биз томонимиздан 33 фоиз ўрин ажратилган… Туркистон мусулмон ишчи, аскар ва деҳқон депутатларининг биринчи фавқулодда қурултойида қабул этилган қарор ҳақида маълумот бериб сизлардан… Тошкент Халқ Комиссарлари Советига Ҳокимиятни Туркистон Муваққат ҳукуматига топшириш тўғрисида фармойиш беришингизни сўраймиз. Бу билан сиз Туркистонни жуда катта фалокатга олиб келувчи анархия ва қўш ҳокимиятчиликдан қутқарган бўлардингиз».
    Бу маълумотларни батафсил келтиришимиздан мақсад, Ўрта Осиёнинг Россия давлатига мутлоқ қарам бўлган ҳудудларида қон тўкмасдан, хунрезлк саҳналари ташкил қилмасдан ҳам янги тузумни барпо этиш мумкин эди. Аммо большевиклар буни исташмади. Давомини ўқинг…
    Минг афсуски, бутун бир ўлка халқларининг хоҳиш-иродаси, орзу-мақсадларини ифодалаб, нуфузли халқ қурултойи томонидан большевиклар ва советлар йўлбошчиси номига йулланган бу телеграмма талаблари қондирилмади. Аксинча, очиқ ва яширин тарзда Тошкентда фаолият юритаётган Туркистон Мухториятини тез орада тугатиш ҳақида кўрсатма бердилар.
    Мухториятчилар орасида кўпгина муҳим ҳаётий масалаларда бирлик, ҳамжиҳатлик, жипслик мавжуд эмасди. 1918 йил 18 феврал куни «Шўрои Уламо» жамияти ташаббуси билан Мухториятда тўнтариш қилиниб, Мустафо Чўқай бошчилигидаги ҳукуматнинг ағдарилиши ва ҳукумат бошқаруви Қўқон миршаблари бошлиғи Кичик Эргашга берилиши бунга гувоҳдир. Моддий, ҳарбий, молявий мадад кўрсата оладиган етарли реал кучлар ва имкониятларнинг бўлмаганлиги ҳам бунга сабаб бўлди.
    Мухторият ташқи вазият нуқтаи назаридан ҳам ўз қобиғига ўралиб, ташқи оламдан ажралиб қолди. Уни ҳар томонлама қувватлаб, ҳарбий, моддий ва маънавий жиҳатдан Амалий ёрдам кўрсатувчи бирор-бир хорижий давлат билан бевосита алоқа ўрнатишга улгуролмади. Бундай омилларнинг бўлмаганлиги ҳоллари ҳам Туркистон Мухторияти аҳволини танглаштириб, уни пировард оқибатда фаолиятсизликка маҳкум этди. Вазият совет амалдорларига қўл келиб, улар бундай миллий мухторият ҳукуматини ҳар жиҳатдан исканжага олиш, уни қандай қилиб бўлса-да, маҳв этиш учун устамонлик билан фойдаландилар. Туркистон совет ҳукумати 1918 йил 14 февралида Фарғона вилояти ҳудудида фавқулодда ҳарбий ҳолат жорий этди. Унинг Қўқондаги маҳаллий ҳокимияти – ишчи ва аскар депутатлари совети 17 февралда мухторият вакилларини таслим бўлишга даъват қилди. Айни пайтда Тошкентдан Перфильев бошчилигида қуролланган қизил қўшин олиб
    келинди ва улар дарҳол ишга солинди. Қўқондаги миллатчи арман дашноқлари ҳам бу ғайриқонуний босқинга жалб қилинди. Айниқса, 19-21 феврал кунлари Қўқон халқи устига бало-қазо ёғилди. Шаҳар ўт ичида қолиб, кунпаякун бўлди. Совет ҳокимияти Туркистон Мухторияти ҳукуматини шафқатсизларча тор-мор этди.
    Энг даҳшатлиси шуки, бу беаёв хунрезлик чоғида ҳеч бир айби, гуноҳи бўлмаган минг-минглаб оддий, бечораҳол Қўқон фуқароси мислсиз жабр тортди, бор-будидан маҳрум бўлди, беҳисоб қурбонлар берди. Совет ҳукумати қузғунлари мухториятчиларни йўқ қилиш баҳонаси билан ўзларининг бутун қаҳру заҳрини мусулмон аҳлига сочди, ундан ўч олди. Қўқонда советлар содир этган қонли фожиани совет давлати арбобларидан бири Д. Манжара ҳам кейинроқ ростманасига эътироф этганди: «Миллий сиёсатда йўл қўйилган хатоларимиз туфайли Қўқон Мухторияти вужудга келди. Уни йўқотиш пайтида яна бир хатога йўл қўйдик. Қурол-яроғи деярли бўлмаган мухториятчилар жойлашган эски шаҳарни қамал қилиш ўрнига, биз тўплардан ўққа тутдик, кейин дашноқларнинг қуролли тўдаларини ишга солдик. Натижада талон-тарож, номусга тегиш, қирғин бошланди. Бундан мухториятчиларга алоқаси бўлмаган тинч аҳоли катта зарар кўрди».
    Худи шунингдек, совет Туркистони органи – «Знамя свободы» («Озодлик байроғи») газетаси ўзининг 1918 йил январ ойи сонларидан бирида: «Рус большевиклар ҳеч қандай мухториятни тан олмади ва мазлум халқлар ўз ҳуқуқлари ва тақдирларини ҳақиқатдан ўзлари белгиламоқчи бўлганларида бунга йўл қўймади», деб ёзган эди. Бу хил холис фикрларга изоҳнинг ҳожати бўлмаса керак.
    1919 йил мартида Турор Рисқулов (1894-1938) раислигида ўлка мусулмон коммунистлари бюроси (Ўлка Мусбюроси) ташкил этилди, унинг органи – «Иштирокиюн» газетаси тез орада нашр этила бошланди. Маҳаллий халқ орасида катта обрў ва нуфуз қозонган, кўп йиллик инқилобий кураш тажрибасига эга бўлган Т. Рисқулов, Н. Тўрақулов, Н. Хўжаев, А. Раҳимбоев, Қ. Отабоев, С. Турсунхўжаев, С. Сегизбоев, О. Бобожонов, А. Икромов сингари маҳаллий коммунистлар, юрт раҳнамолари партия ва совет бошқаруви ишларига аста-секин жалб қилиб борилди. Уларнинг кўплари қандай раҳбарлик лавозимларда ва мураккаб шароитларда иш юритмасинлар, ўз имкониятлари даражасида Ўрта Осиё халқи манфаатларини кўзлаб, унинг орзу-армонларини рўёбга чиқариш учун доимий курашдилар.
    Масалан, Турк МИҚ раислиги лавозимини эгаллаган таниқли маҳаллий раҳбарлардан бири Абдулло Раҳимбоевнинг фаолияти натижасиз якун топганлиги аёндир. Бунинг асосий сабаби, аввало, бу ўлканинг бутун тасарруфи, тақдир қисмати маҳаллий миллат кишилари орасидан етишиб чиққан етук миллий арбобларга эмас, балки ҳукмрон Марказ ва унинг ўрта Осиёда катта ваколатлар билан иш юритаётган хос намояндаларига кўп жиҳатдан боғлиқ эди. Бунда айниқса Совет ҳукумати ва РКП(б) МҚ номидан чекланмаган фавқулодда ваколатлар билан 1919 йил октябрида Туркистонга юборилган «нуфузли» Турккомиссиясининг ўрни ва роли алоҳидадир. Турккомиссия аъзолари (В. Бокий, Ф. Голошчекин, В. Куйбишев, Я. Рудзутак, М. Фрунзе, Ш. Элиава)нинг бутун қаҳру заҳри бу ҳудудда совет тузумига қарши йўналган истиқлолчилик ҳаракатини барҳам топтириш эди.
    Улар миллий ғояларни амалга оширишга интилган раҳбар кадрларни таъқиб ва қувғин қилиш, совет ҳокимиятига хайрихоҳ бўлган маҳаллий аҳоли вакилларига зулм ўтказиш, жазолаш, уларни йўқ қилишга зарб бердилар. Ўлка ҳаётида кечаётган барча ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий жараёнлар билан боғлиқ энг асосий масалаларнинг бирортаси ҳам уларнинг измисиз, иштирокисиз ҳал этилмас эди. Хуллас, Турккомиссия сиймосида ўлка ҳаётида зўрлик билан қарор топтириб борилаётган большевиклар диктатурасининг бутун бўй-басти ва мазмун-мундарижаси мужассамлашган эди.
    1918 йил охирига келиб 1 млн.дан зиёд аҳоли очарчилик балосига дучор бўлди. 1919 йил бошларида жорий этила бошлаган озиқ-овқат развёрсткаси ва у билан боғлиқ бўлган тадбирлар мажмуаси ўрта Осиё аҳолисини, айниқса унинг қишлоқ меҳнаткашларини бениҳоя оғир аҳволга солиб қўйди. Негаки, развёрстка совет ҳукумати органларига аҳоли қўлидаги жами ортиқча озиқ-овқат маҳсулотларини зўрлик билан тортиб олиш, ғалла билан олди-сотди қилишни таъқиқлаш, бозор савдосини ёпиб қўйишга қадар кескин чораларни кўришга имкон берарди. Советларнинг бундай чегара билмас озиқ-овқат сиёсати кўплаб мсаҳаллий аҳолининг бор-будидан маҳрум бўлиб, тағинда қашшоқлашиб боришига сабаб бўлди. Давр раҳбарларидан бири Н. Хўжаев1920 йил охирида Турк МИҚ мажлисида қилган маърўзасида ёзади: «Қишлоқ аҳолиси турли-туман ўт-ўланлар билан овқатланади, шу туфайли ўлиш ҳоллари юз бермоқда, ўлим, айниқса, болалар орасида кўп». Маърўзада келтирилишича, Фарғона вилоятида аҳолининг 35-40 %и, жумладан, Марғилон уездида – 60 %, Қўқон уездида – 50 %и очликка дучор бўлган ва ҳоказо. Бундай хунук, аянчли манзара ўлканинг бошқа кўплаб ҳудудларида ҳам ҳар қадамда кўзга ташланиб турарди.
    Пухта ўйланмаган Янги иқтисодий сиёсат Россия, Украина ва Белоруссияда бундан-да даҳшатли оқибатларни келтириб чиқарди.
    Ўн саккизинчи йилнинг баҳор-ёз пайти Воронежда жуда кўп келгиндилар тўпланишди. Улар Москва ва Питердан, Белоруссия ва Украина хуторларидан қочиб келишган эди. Бу очлик офатининг қанчалик даҳшатли эканлигидан Воронеж губисполкомига наркомвнутрдел Г. И. Петровский томонида юборилга телеграмма далолат берарди: «Тўрт кундан бери Москва ва Питер ишчилари нон олишмайди. Ишчилар очдан ўлишяпти. Тезда, шошилинч равишда нон юбориб, бизга кўмаклашинглар» (Виктор Силен «Летописцы из Коммуны». Стр.30-31. Воронеж 2007 г.).
    «Воронежская правда» («Воронеж ҳақиқати») газетасининг биринчи саҳифасида улкан ҳарфлар билан битилга «Одамхўрлик» сарлавҳали мақола босилган эди. Унда қуйидагилар ёзилган.
    «Коротоякс уезди Архангельск қишлоғида яшовчи гражданка Любогошева танишининг ўн беш ёшли қизини болта билан уриб ўлдириб, гўштини еган. Жиноят-қидирув агентлари бу манфур жиноятни ошкор қамоққа олинган Любогошева ўз айбига иқрор бўлди. Тергов жараёнида у бундан илгари очликдан ўлган икки қизининг мурдасини еганини айтиб берди.
    Худди шу уезддаги Николайвск қишлоғида яшовчи деҳқон Потунин қабрлардан қазиб олган жасадларни еб кун кечирган. Унинг уйи тинтув қилинганда инсон суяклари: қўл, оёқ, бир қисми пиширилган ва бир қисми
    хом инсон гўшти топилди. Шу ерлик деҳқон Пичкарев ҳам ночорликдан ўзининг ўлган қизининг жасадини еган.
    1922 йил НЭП (янги иқтисодий сиёсат)нинг иккинчи йили очлик ва ночорлик одамларни жуда ноқулай вазиятга, айримларни ҳатто ҳайвон даражасига етказди.
    Кечаси қоронғу кўча ва тангкўчалардан юриш ўта хатарли эди,- ҳикоя қилади профессор-энтомолог Положенцев. –Қоронғу бурчакдан югуриб чиққан нотаниш безорилар бошингга қоп кийгизиб, бирор-бир дарвозага судраб киргизиб, сўйиб, гўштингни эртаси куни бозрга чиқариши муқаррар эди. Мен ўзим Воронеж бозорида тартиб-интизом назоратчилари томонидан одам гўштини сотаётган сотувчининг қўлга олингани гувоҳи бўлганман.
    Худди шу бозорда пирожки сотувчи аёлнинг пирожкиларида одам гўштини ишлатгани учун қўлга олинганини эшитиб, ўта ноқулай ҳолатга тушдим. Зеро, бу аёлдан неча марталаб пирожки сотиб олиб егандим. (Виктор Силен, «Летописцы из «Коммуны», Воронеж 2007 г. Стр. 72-73).
    ўрта Осиёнинг яқин ўтмиши тарихида ёрқин саҳифа ёзган ҳамда хийла узоқ давом этган қонли, фожиали воқеаларга тўлиб-тошган истиқлолчилик ҳаракати кўп замонлар нохолис, ғайриилмий нуқтаи назардан ёритилиб келинди. Ўз сафига эрк ва ҳурликка ташна, Ватан мустақиллиги йўлига жонини тиккан миллионлаб юрт фидоийларини бирлаштирган бу қудратли ҳаракатнинг мазмун-моҳиятини келгинди, қизил совет мустамлакачилари муттасил бузиб, нотўғри талқин қилиб, сохталаштириб келдилар. Уни шўролар терминида «босмачилик ҳаракати». «аксилинқилобий кучлар босқини», «бир тўда юрт бузғунчилари ҳаракати» ва шу каби номларда «таърифлаб», «тавсифлаб» келиш совет тарихшунослигида ўзига хос одатий тусга кирганди. Бироқ халқимизда ойни этак билан ёпиб бўлмайди дейилганидек, улуғ аждодларимизнинг ватан, элу юрт эрки, озодлиги ва мустақиллиги учун олиб борган бу мардона кураши тўғрисидаги тарихий ҳақиқат миллий истиқлол шарофати билан тўлик тикланиб, ўз ҳаққоний, холис баҳосини топди. Бу ҳаракат советлар мафкураси тўқиб чиқарган шунчаки «босмачилик» ҳаракати эмас, балки жафокаш халқимизнинг озодлик кураши тарихида ўчмас из қолдирган, ҳадсиз-ҳисобсиз қурбонлар берган, қанчалаб йўқотишлар, маҳрумликларни бошидан кечирган истиқлолчилик ҳаракатидир.
    Хўш, бу оммавий халқ ҳаракатининг Ўрта Осиё заминида юзага келишининг муҳим ижтимоий омиллари, сабаблари нимадан иборат эди? Нега 1918 йил баҳоридан Фарғона водийсида бошланган халқ норозилик кураши аста-секин аланга олиб, Ўрта Осиёнинг кенг ҳудудлари бўйлаб ёйилиб, муаззам ҳаракат оқими сифатида совет тузумига даҳшат солди? Бу ҳаракат моҳиятига шу нуктаи назардан ёндошар эканмиз, уни бир қатор муҳим сабаблар келтириб чиқарганлигига амин бўламиз: биринчидан, халқимиз 1917 йилда содир этилган феврал ва октябр ўзгаришларига катта умидворлик билан кўз тикканди. У илғор жадидлик ҳаракати раҳнамолигида Россияда ривожланиб бораётган инқилобий-демократик ҳаракатлардан фойдаланиб, эрк, озодликни қўлга киритмоқчи, ўлка халқларини мустақилликка олиб чиқмоқчи бўлганди. Бироқ совет ҳокимияти ўрнатилгач, маҳаллий халқларни сариқ чақага арзитмасдан, уларни сиёсий фаолиятдан ошкора четлатиб зўравонликни
    авжга миндириш яққол кўзга ташланди. Иккинчидан, маҳаллий халққа бутунлай ёт коммунистик мафкурани байроқ қилиб олган совет зулмкорлари аҳолининг миллий қадриятлари, удумлари, диний эътиқодини таҳқирлаш, камситиш, масжид, мадрасалар, зиёратгоҳ жойларни оёқ ости қилиш, ноёб маънавий бисотларни талаш, диндорларни таъқибу қувғин остига олиш каби номақбул ишлар билан шуғулландилар. Учинчидан, ўлка халқларининг хоҳиш-иродаси ифодаси сифатида вужудга келиб, уларнинг миллий манфаатлари йўлида илк қадамлар қўйиб бораётган Туркистон Мухториятининг қонга беланиши, юрт фарзандларининг қирғин қилиниши, Қўқон шаҳри ва унинг атрофидаги қишлоқлар бегуноҳ аҳолисининг аёвсиз талон-тарож қилиниши ва фожиага гирифтор этилиши маҳаллий халқ сабр косасини лиммо-лим этиб юборган эди.
    Ўз отамерос заминида ўз миллий давлатчилигини барпо этиб, бошқа миллатлардек эмин-эркин яшашга бел боғлаган, юрт жиловини қўлга олишга интилган халққа, унинг ватанпарвар раҳнамоларига нисбатан совет тузуми уюштирган бундай ғайриқонуний қирғинбаротлар бутун Ўрта Осиёни оёққа турғизди. Дилда топталган Ватан, халқ дарди, армони жўш урган юз минглаб миллатпарвар, ватанпарвар кишиларнинг қўлда қурол билан советлар зўравонлигига қарши кураши мана шу зайлда бошланиб кетди.
    Ўрта Осиёда бошланган истиқлолчилик ҳаракатининг энг дастлабки қайноқ марказларидан бири Фарғона водийси бўлди. Бу ҳаракатга халқ орасидан етишиб чиққан, ғам-алами, орзу-армони, мақсад-интилишларига ҳамдард ва шерик бўлган Кичик ва Катта Эргашлар, Мадаминбек, Шермуҳаммадбек, Холхўжа Эшон, Ислом Полвон, Раҳмонқул, Тўйчи, Алиёр қўрбошилар сингари таниқли раҳнамолар етакчилик қилдилар. 1918 йил баҳоридан водийнинг турли жойларида 40 дан зиёд қўрбоши дасталари фаолият кўрсата бошлади. Жумладан, Мадаминбек Скобелев (Фарғона) уездида, Шермуҳаммадбек Марғилон атрофларида, Омон Полвон, Раҳмонқул Наманган уездида, Парпи қўрбоши Андижон атрофида, Кичик ва Катта Эргашлар Қўқон атрофида, Жонибек қози Ўзган томонда, Муҳиддинбек Новқатда ҳаракат қилмоқда эдилар. Кичик Эргаш қизиллар қўшини билан бўлган жангу жадалда ҳалок бўлганидан сўнг (1918 йил феврал) Қўқон уезди теврагидаги истиқлолчилар ҳаракатига Катта (мулла) Эргаш бошчилик қила бошлади. У ўзининг фаол ҳаракати, халқ раҳнамосига хос сифатлари билан тез орада бутун водийдаги озодлик курашининг танилган етакчи арбобига айланди. 1918 йил кузига келиб унинг қўл остида ҳар бирида 20 тадан 1800 нафаргача йигити бўлган 70 та қўрбоши дасталари ҳаракат қилаётганди. Улардаги жангчиларнинг умумий сони 15 мингта, баъзи маълумотларга кўра, 20 мингдан то 24 мингтага етарди. Худди шу даврда Мадаминбекнинг 5 минг, Шермуҳаммадбекнинг 6 минг, Холхўжанинг 3 мингдан зиёд, Парпи қўрбошининг 3,6 минг, Жонибекнинг 5,7 минг, Муҳиддинбекнинг 4,5 минг жанговар йигитлари озодик курашига отланган эдилар. Бу рақамлар истиқлолчилар кураши оммавий тус олиб бораётганлигидан далолат беради. Эндиликда бу ҳаракатларни бирлаштириш, ягона раҳбарлик асосида уни бошқариш сув ва ҳаводек зарур эди. Умумий мақсад ва вазифаларни биргаликда аниқлаш, асосий ҳаракатларни мувофиқлаштириш йўли билангина тиш-тирноғигача қуролланган совет тузумини енгиш, юрт
    мустақиллигини қўлга киритиш мумкин эди. Буни истиқлол курашининг раҳнамолари яхши тушунарди. Шу боис бу жангу жадал даврларида ҳам қўрбошиларнинг бир неча бор қурултойлари чақирилиб, уларда муҳим ҳаётий масалалар ҳал этилгани бежиз эмасдир. Дастлабки шундай қурултой 1918 йил мартида Қўқон уездининг Бачқир қишлоғида ўтказилди. Унда Катта Эргаш бутун Фарғона водийси истиқлолчилар ҳаракатининг раҳбари этиб сайланди. Унга бутун мусулмон қўшинларининг олий бош қўмондони – «Амир ал-Муслимин» унвони берилди. Мадаминбек ва Шермуҳаммадбек эса унинг ўринбосари этиб сайланадилар. Бироқ бу ҳаракат кўламининг ўсиб, кенгайиб бориши, унинг сафларига янги ижтимоий қатламлар, табақалар вакилларининг қўшилиши, табиий суратда унинг олдига улкан масъул вазифаларни, янги муаммоларни келтириб чиқара борди. Уларни ҳал этиш эса кураш раҳнамоларидан катта матонат, кучли ирода, юксак ҳарбий маҳорат, ташкилотчилик қобилияти ва узоқни кўра билишлик салоҳиятини намоён қилишни тақозо этарди. Фарғона қўрбошилари ичида Мадаминбек Аҳмадбек ўғлигина мана шундай ноёб фазилатлар соҳиби эканлиги билан ажралиб турарди. Навқирон ёшда бўлишига қарамасдан катта ҳарбий саркардалик истеъдодига эга Мадаминбек (1892-1920) тез орада водий курашчилари сардорига айланади. Советларнинг расмий ҳужжатларидан бирида таъкидланишича, «ўз олдига совет ҳокимиятини ағдариш ва Фарғона мухториятини тиклаш вазифасини қўйган Мадаминбек тадбиркор сиёсатчи ва уддабурон ташкилотчи фазилатларига эга эди. У бизнинг раҳбарлик фаолиятимизда йўл қўйган хато ва камчиликларимиздан усталик билан фойдаланарди. Унинг ўз «бошқарув аппарати, ўзининг «трибунали», ўзининг «генштаб»и бўлган. У қонунлар чиқарган»,- деб эътироф қилади Мадаминбекка қарши курашган Граматович. Буни бошқа қизил қўшин бошлиқлари ҳам тан олганлар.
    Дарҳақиқат, Мадаминбек ўзининг қаттиққўл сиёсати, ташкилотчилик фаолияти ва энг муҳими, ўлкада кечаётган ижтимоий-сиёсий ва ҳарбий вазиятни тўғри баҳолай олиши билан ажралиб турарди. Бунинг устига аниқ вазиятга мувофиқ келадиган амалий ҳаракатларни қўллай олиши, сафдошларига ўз таъсирини ўтказа олиши ҳам уни кўп ўтмай бутун Фарғона қўрбошиларининг нуфузли раҳбарига айлантирган эди. 1919 йилнинг ўрталарига келиб унинг йигитларининг сони 25 минг кишидан ошарди. Скобелев, Марғилон, Андижон, Наманган, Ўш каби ҳудудларда ҳаракат қилаётган қўрбошилар, уларнинг жангчилари Мадаминбекнинг яшил байроғи остига бирлашаётган эдилар. Мадаминбекнинг халқ лашкарлари, айниқса 1919 йилнинг биринчи ярмида совет қўшинлариг қарши бир қатор сезиларли зарбалар бердилар. Чунончи, январда Марғилон, февралда Скобелев ва Чуст шаҳарларининг Мадаминбек томонидан эгалланиши, уларда маҳаллий халқ манфаатига жавоб берадиган бир қатор муҳим амалий тадбирларнинг ўтказилиши унинг обрўсини янада кўтариб юборди. 1919 йил апрел ойида Мадаминбек йигитлари Наманган ва Қўқон шаҳри атрофларидаги жангларда ғолиб келдилар. «Мадаминбек турли сиёсий оқимдаги кишиларни бирлаштира олди. Шунинг учун ҳам ҳеч қайси қўрбоши унингчалик куч-қудратга эга бўлмаган эди», деб ёзганди унинг мухолифларидан бири ўша кезларда.
    Дарҳақиқат, истиқлолчилар ҳаракатининг ижтимоий таркибини кузатарканмиз, бунда аҳолининг совет тузумидан норози бўлган, турли-туман ижтимоий қатламлари, чунончи деҳқонлар, ҳунармандлар, косиблар, батраклар, мардикорлар, зиёлилар, диндорлар, руҳонийлар, маҳаллий бойлар, амалдорлар у ёки бу даражада фаол иштирк этганлиги аён бўлади.
    Хусусан, совет ҳокимияти органларининг маҳаллий аҳолига нисбатан юритган ўта миллатчилик, шовинистик ва босқинчилик сиёсати уни оқибатда бу тузум душманига айлантирди ва ўз эрки, ҳуқуқи, озодлигини ҳимоя қилиш йўлида курашга чорлади. Фарғона фронти қўмондони М. Фрунзе ҳам: «…Бу ердаги совет ҳокимияти илк тузилиш даврида рус ва ерли ишчи, деҳқон оммаларини ўзига тортиш ўрнига меҳнаткаш халқни ўзидан узоқлаштириш учун қўлидан келганча ҳаракат қилди. Ишлаб чиқаришнинг нацинализация қилинишида фақат буржуазиянинг мулки эмас, балки ўртаҳол деҳқонларники ҳам тортиб олинди… Бу ерда ҳаракат қилган қизил аскар қисмлари, инқилобни ҳимоя қилган баъзи раҳбарлар, ерли меҳнаткаш халқнинг туб манфаатлари билан ҳисоблашмади, унинг арзу додига қулоқ солмади. Босмачилик ҳаракати шу асосда вужудга келди. Босмачилик – оддий қароқчилар эмас. Шунда уларни тез йўқ қилиш мумкин бўларди», деб эътироф қилган эди.
    ТАССР ХКК раиси Қ. Отабоев 1922 йил июлида Туркистон МИК 4-пленумида сўзлаган нутқида истиқлолчилик ҳаракатини халқ қўзғолони сифатида баҳолаган эди: «Биз тўрт йил давомида бу ҳаракатга ҳатто тўғри баҳо беришни ҳам билмадик, у халқ қўзғолони бўлгани ҳолда босмачилик деб атадик. Босмачилик моҳиятан талончилик деган маънони англатади, бизнинг ушбу ҳаракатга берган нотўғри таърифимиз масалани ҳал этишда нотўғри ёндошувларга олиб келди. Ва алал-оқибат 4 йил давомида биз бу ҳаракатнинг бирон-бир жиҳатини тугата олмадик».
    Юқори совет раҳбарларининг бу эътирофлари истиқлолчилик ҳаракатининг нечоғлик ўлканинг ҳаётий қон томирларига дахл қилгани, уни ларзага келтирганини, қолаверса, янги тузумнинг кенг халқ оммаси наздида обрўсизланиб, путурдан кетаёзганини яққол тасдиқ этади.
    Фарғона бечораҳол халқи ўз халоскорларини бутун чоралар билан қўллаб-қувватлашда давом этди. Ҳаракат сафи доимо янги кучлар ҳисобига тўлиб борди. Водий қўрбошиларининг бирлашиш, қўшилиш сари ҳаракатлари ҳам сезиларли тус олиб борди. 1919 йил кузига келиб Мадаминбек лашкарларининг жанговарлик ҳаракатлари кенг ҳудудларга ёйилди. Бу даврга келиб Монстровнинг рус крестьянлари (деҳқонлари)дан ташкил топган анча таъсирли ҳарбий қисмлари Мадаминбек кучлари билан бирлашди. Бу ҳол халқ курашининг нафақат ижтимоий таркибига, балки айни чоғда миллий таркибига ҳам сезиларли таъсир кўрсатар, унинг мақсад-вазифаларига янгича ёндошишни тақозо этарди. Гап шундаки, бунга қадар истиқлолчилар ҳаракати сафларида тожиклар, ўзбеклар, қозоқлар, қирғизлар, туркманлар, уйғурлар ва қорақалпоқлар сингари ерли миллат кишилари қўлни-қўлга бериб курашиб келаётган бўлсалар, эндиликда унга советлар сиёсатидан кескин норози бўлган рус деҳқонлари ҳам қўшилган эдилар. Истиқлол кураши таркибидаги бу ўзгариш 1919 йил октябрида Помирнинг Эргаштом овулида Мадаминбек тарафдорлари ташаббуси билан тузилган
    Фарғона муваққат мухторият ҳукумати» тузилишида ҳам ўз ифодасини топганди. Ҳукумат таркиби 24 кишидан иборат бўлиб, унинг 16 вакилини мусулмонлар ва 8 нафарини руслар ташкил этарди. Фарғона ҳукумати бошлиғи ва мусулмон қўшинлари олий бош қўмондони этиб Мадаминбек сайланган эди. Бироқ афсусланарли жиҳати шундаки, мазкур муваққат ҳукумат ўз фаолиятини амалда уддалай олмади. Бунинг боиси, биринчидан, унинг мутасаддиларининг боши уруш ҳаракатларидан чиқмади. Иккинчидан, хорижий давлатлар билан дипломатик алоқалар ўрнатиш етарли самара бермади. Бу эса, табиийки, унинг ўз қобиғига ўралиб, амалий фаолият юритишига имкон туғдирмади. 1919 йил октябр ойи охирларида Андижонга яқин Ойимқишлоқда тўпланган водий қўрбошиларининг қурултойи Фарғона истиқлолчилиги ҳаракати тарихида энг йирик анжуманлардан бири бўлди. Унда водийда ҳаракат қилаётган 150 тага яқин жанговар қисмларни ўз таъсирида ушлаб турган 4 йирик лашкарбоши: Мадаминбек, Катта Эргаш, Шермуҳаммадбек, Холхўжа Эшон қўмондонликларини бирлаштиришга эришилди. Қурултойда ислом қўшинларининг олий бош қўмондони – «Амир ал-Муслимин» этиб Мадаминбек сайланди. Бироқ бу бирлашув ҳам мустаҳкам бўлиб чиқмади. Масалан, Холхўжа Эшон тез орада ўз кучларини ажратиб, мустақил фаолият кўрсата бошлади. Шунга қарамасдан бу даврда истиқлолчилар тасарруфида катта кучлар тўпланган эди: Мадаминбек қўл остида 30 мингга яқин, Шермуҳаммадбекда 20 минг, Катта Эргаш қўрбошида эса 8 минг жанговар қўшин бўлиб, учта лашкарбоши водийдаги кураш ҳаракатларини бошқариб турарди. Бироқ водийдаги жанговар ҳаракатларнинг кейинги бориши ташаббусининг кўпроқ тажовузкор совет қўшинлари қўлига ўтиши, халқ озодлик курашининг пасайиб боришига олиб келди. Ўлкада мустаҳкамланиб олишга улгурган большевиклар ҳокимияти Марказдан етарли даражада ҳарбий куч, қурол-яроғ олиб, уларни Фарғона фронтига йўллаб, қонли ўч олишга сафарбар қилди. «Ўз ёғига ўзи қоврилган» водий истиқлолчилари эса тиш-тирноғигача қуролланган совет қўшинлари билан бўлган тўхтовсиз жанглар оқибатида толиқиб, танг аҳволга дучор бўла бордилар.
    Тенгсиз душман билан курашни давом эттиришнинг мушкуллиги, оддий халқ ҳаётининг ночорлашиб бораётганлиги айрим истиқлол раҳнамоларини фаол кураш ҳаракатларини вақтинча тўхтатиб, бошқа йўл излашга, совет томони билан ўзаро келишувларга ундади. 1920 йил январида қизиллар Катта Эргаш кучларига зарба бериб, унинг таянч маркази Бачқирни эгаллади. Худди шу вақт совет қўшини Монстровнинг деҳқонлар армиясини тор-мор этиб, Гульча қалъасини ишғол этди. Монстровнинг ўзи асир олинди. Шунингдек февралда Гарбува – Қоратепа-Шаҳрихон йўналишида қизил қўшинлар Шермуҳаммадбек лашкарларига кучли зарба берди. Бунинг натижасида Шермуҳаммадбек енгилиб, Олой водийси томон чекинди. Айни пайтда қизиллар Норин ва Қорадарёнинг қўшилиш жойида Мадаминбек аскарларига қарши муваффақиятли жанг қилиб, унга катта талафотлар етказдилар. Бу оғир, мураккаб воқеалар шароитида истиқлолчилар ҳаракатининг баъзи раҳбарларининг советлар томони билан келишув йўлига бориши тушунарлидир. Айёр совет ҳукумати таклифига кўра, Мадаминбек 1920 йил мартида совет қўмондонлиги билан музокара олиб борди ва сулҳ тузилди. Бу
    сулҳ шартларига асосан Мадаминбек ўз ҳаракатларини тўхтатди, унинг 1200 нафардан зиёд аскар йигитларининг дахлсизлиги, ўз қурол-яроғларига эга бўлиши, керак бўлганда улар водийда тинчлик, барқарорлик ўрнатишда ўз раҳнамолари етакчилигида фаол иштирок этиши таъкидланган эди. Мадаминбек ўзининг бошқа сафдошларига ҳам советлар билан музокаралар олиб бориб, шундай йўл тутишни маслаҳат беради. Бироқ Фарғона қўрбошилари йўлбошчилари Шермуҳаммадбек ва Холхўжа Эшон ўз ҳузурларига музокара учун келган юртнинг бу мард ўғлонини сотқинлик ва хоинликда айблаб, уни қатл эттирадилар. Содир этилган бу фожиали воқеа ҳам водий истиқлолчилари раҳбарлари ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг зиддиятли бўлганлигига бир ишорадир.
    Гарчанд Фарғона истиқлолчилари кураши бундан кейин ҳам янги-янги кучлар билан қўшилишиб, турли тарзда давом этса-да, бироқ у аввалгидек кенг қамровли, жанговар, ҳужумкор йўналиш касб эта олмади. 1920-1923 йиллар давомида водий ҳудудлари бўйлаб олиб борилган халқ озодлик курашларига ака-ука Шермуҳаммадбек ва Нурмуҳаммадбек, улардан сўнг Ислом полвон ва Раҳмонқуллар етакчилик қилдилар. Уларнинг ҳар бирининг мислсиз жасорати, қаҳрамонлиги, ҳақ ва озодлик йўлидаги фидоийлиги халқ хотирасида муҳрланиб қолди. Водийда ёқилган истиқлол машъаласи кейинчалик бошқа ҳудудларга ҳам ёйилди. Совет ҳокимиятининг зулми ва зўравонлигига қарши кураш Бухоро ва Хоразм республикаларида, Самарқанд вилоятида, Тожикистон заминида ҳам акс-садо берди.
    1917 йил кузида Россияда юз берган октябр давлат тўнтариши ва большевикларнинг ҳокимиятга келиши Бухорода ҳам акс-садо берди. Аввало, қўшни Туркистонда Совет ҳокимияти қарор топди. Уни Россия большевиклари зўрлик ва куч билан ўлка халқларига мажбуран тиқиштирдилар. Айни вақтда Бухорога бевосита туташ рус аҳолиси манзилгоҳларида Совет тузуми ўрнатилди. Бу эса амирликдаги воқеалар ривожига таъсир кўрсатмасдан қолмади. Негаки, социалистик инқилоб ғоясини бошқаларга ёйишга интилган большевиклар чегарадош Бухорони ўз мўлжалига олган эдилар. Шу боис Россия Федерацияси, қолаверса, Совет Туркистони, унинг мутасаддилари ҳар бир вазиятдан фойдаланиб, Бухоро ички ишларига аралашиб, мухолифатчи кучларни қўллаб-қувватлаб, амирлик тузумини қулатиш ҳаракатида бўлдилар. Хусусан, 1918 йил мартида «Колесов воқеаси» номи билан тарихга кирган қонли воқеа бунга ёрқин мисол бўла олади. Гап шундаки, Туркистон автоном совет республикаси ҳукумати раиси Ф. И. Колесов суверен Бухоро давлатига очиқ тазйиқ ўтказиб, ёш бухороликлар талабини қувватлаган бўлиб, 1918 йил 2 мартида Когон темир йўли ёқалаб қизил қўшинлар кучи билан очиқ ҳарбий интервенция уюштирди. Ғазабга келган Бухоронинг кўпчилик аҳолиси ўз юртини жон-жаҳди билан ҳимоя қилиб, большевиклар ҳамласига қарши ялпи курашга отланди. Бунинг натижасида Колесов интервенцияси тезликда шармандаларча барбод бўлди.
    1920 йил 29 августда Чоржуйда амир тузумига қарши «Халқ қўзғолони» бошланиши биланоқ, Бешим Сардор бошчилигидаги инқилобий қўмита аввалдан тузилган келишувга биноан дарҳол Совет ҳукуматига мурожаат
    қилади. Бу Совет қўшинининг қўзғолончи кучларни ҳимоя қилиб, Бухорога қарши ҳаракатларни бошлашига баҳона бўлди.
    Расмий маълумотларга кўра, Совет қўшини ихтиёрида шу даврда 10 минг қизил аскар, қирқта тўп, 230 тага яқин пулемёт, ўнта зирҳли автомобил, бешта зирҳли поезд ва 12 та самолёт бор эди. Шунингдек, Туркистон фронти қўшини билан бирга ҳужум ҳаракатларида 5 минг кишига яқин бухоролик «инқилобий тузилмалар» ҳам иштирок этдилар.
    Амир лашкари сон жиҳатдан кўп бўлгани билан (20 минг нафарга яқин) бироқ унинг қуролланиш даражаси қизиллар қўшинига нисбатан анча заиф ҳолда эди. Ҳужумга ташланган Совет қўшинлари амирликнинг Чоржуй, Қарши, Китоб, Шаҳрисабз ва бошқа ҳудудларини эгаллаб, Бухоро томон силжиб бордилар. Айниқса, бу босқин натижасида Бухоро ва унинг кўп сонли аҳолиси мислсиз зарар кўрди. Шаҳар бир неча кун давомида замонавий қуроллардан ўққа тутилди, бомбардимон қилинди. Унинг кўплаб ноёб осори-атиқалари,тарихий обидалари вайрон этилди. Ниҳоят, 1920 йил 2 сентябрда амир ва унинг лашкари енгилиб, Бухорони тарк этади. Шундан сўнг Бухоро Совет босқинчилари томонидан эгалланади. Гарчанд амирлик тузумининг ағдарилиши узоқ даврлар давомида «Халқ қўзғолони» йўли билан амалга оширилган деб келинган ва сон-саноқсиз адабиётларда битилган бўлса-да, бироқ бунда Свет қўмондонлигининг тўла ҳарбий кучи ҳал қилувчи рол ўйнаганлиги фактдир. Бу ҳақиқат истиқлол шарофати билан миллий тарихимизга ҳаққоний холис ёндашув туфайли юзага чиқди ва эътироф топди. Бухоро қизил қўшинлар томонидан эгаллангач, Ҳокимият Муваққат Бутун Бухоро Инқилобий Қўмитаси қўлига ўтди. Ўша йилнинг 6-8 октябр кунлари халқ вакилларининг биринчи Бутун Бухоро қурултойи бўлиб ўтди. Унда Бухоро Халқ Совет республикаси тузилгани тўғрисида қарор қабул қилинди.
    Ватан меҳри, она замин садоқатини жисми-дилига жо этган, унинг эрки, озодлигини ҳар нарсадан муқаддас билган минг-минглаб юртдош аждодларимиз ҳукмрон тузум бедодлиги ва жабр-ситамига қарши истиқлол курашининг янги босқичларига кўтарилдилар. Улар яна ўн йиллар давомида ғаддор режим кучлари билан тенгсиз жангларда қатнашиб, беҳисоб маҳрумликларга дуч келишларига қарамай, миллий истиқлол ғоясига содиқ қолдилар.
    1921 йили 1 май куни Қизил Армия қўшинлари Шарқий Бухоронинг барча ҳудудларини деярли босиб олди. Улар стратегик аҳамиятга эга бўлган аҳоли пунктларида ўз гарнизонларини жойлаштиришди. Душанбе, Ҳисор, Қўрғонтепа ва Кўлобда ҳукумат органларининг ташкил этилишини кутиб ўтирмай, ҳарбийлар дарҳол Қизил Армия учун ёппасига озиқ-овқат маҳсулотларини захира қилишга киришдилар. Буғдой, гўшт ва бошқа маҳсулотлар Шарқий Бухородан Закаспийга жўнатила бошланди. «Гўшт йиғиштириб олиш маъракаси республикада рус қуролли отрядлари ёрдамида тўла бажарилди ва бу тадбир ўтказилиши катта миқдордаги аҳолининг русларга ва хусусан, Қизил Армияга бўлган қаҳру-ғазабларини оширди», деб ёзади 1921 йили июнида Бухоро республикаси Халқ Комиссариати Совети раиси Файзулло Хўжаев Москвага В. И. Ленинга мактубида.
    1921 йилнинг баҳорида Шарқий Бухоро (Ҳисор, Қўрғонтепа, Кўлоб, Қоратегин) да Қизил Армия ва Бухоро Ҳокимиятига қарши қўзғолонлар кўтарилди. Бу қўзғолонларга диндорлар ва уруғлар орасидаги обруйли кишилар раҳнамолик қилишди.
    Бухоролик қўзғолончиларни (юқори Зарафшондан) Мастчоҳ-тожиклари отряди қўллаб-қувватлади. 2,5 минг нафардан иборат бўлган отрядга Абдулҳафиз бошчилик қилган. Дарвоздаги диний раҳнамо Эшони Султон ва Балжувондан Давлатмандбий ўз отрядлари билан янги тузумга қарши курашга чиқишган эди. Улар ўз ўрнида лақайларга мурожаат этишиб, уларни ҳам руслар ва жадидларга қарши курашишга даъват этишди. Совет Армияси архивида Иброҳимбек Давлатмандбий отрядига «ҳарбий инструктор» бўлганлиги қайд қилинган.
    Данғарада бўлиб ўтган қўзғолонга лақайлар раҳнамоси Қаюм Парвоначи бошчилик қилганди. Тоғай Сари Қизил Мазорда ҳаракат қиларди, Шу пайтнинг ўзида эса Балжувон билан Кўлоб минтақаларини Давлатмандбий ўз назорати остига олганди. Ҳисорда Темурбек, Сурхандарёда – Хуррамбеклар бошчилик қилар эдилар.Раҳмон Додхо, Эшони Султон, Фузайл Махсумлар эса Душанбе, Дарвоз ва Қоратегиндаги ўз отрядларига бошчилик қилишарди. Куктошда ўз базасига эга бўлган Иброҳимбек Ҳисор ва Кўлоб ўртасида ўз отряди билан жойдан-жойга кўчиб юрарди.

    1921 йили август ойи бошларида Бухоро Ҳокимияти ва Ато Хўжаев бошчилигидаги рус қўмондонлиги Кангурт қишлоғига қўзғолончилар билан учрашув ўтказиш мақсадида келишди. Делегация ҳайъатида Саиджон додхо деган киши ҳам бор эди. Саиджон додхо ўз хотираларида жумладан шундай дейди:
    «Биз Кангуртга келдик. Давлатмандбий билан бирга, Тоғай Сари, Ашур семиз, Абдуқодир, Балжувонлик Абдулқаюм, Пошшохон ва бошқалар музокаралар ўтказиш учун келишди. Давлатмандбий афғон кийимида эди. Салом — аликдан сўнг ўрнидан турдида: Шу кунга қадар Бухоро заминига руслар оёғи етмаган эди. Сизларнинг Ҳукуматингиз ўзи билан бирга рус солдатларини олиб келди. Сизлар бор мулкларимизни тортиб олдингиз, хотин ва қизларимизга тажовуз қилдингиз, номусига тегдингиз. Рус солдатлари то Бухоро заминини тарк этмагунларига қадар биз курашни давом эттираверамиз.Рус солдатлари Бухородан чиқиб кетиши билан биз қурол-яроқларимизни топширамиз», – деб таъкидлади.
    1921 йилнинг сентябр ойида Душанбе, Кўлоб ва Қўрғонтеппа ҳудудларида уруш янги куч билан бошланди. Давлатмандбий аҳолидан олтин, кумуш ва 200 от йиғиштириб, қўрол-яроқ ва ўқ-дори олиш учун Афғонистонга жўнатади. Сентябр ойи охирида Шарқий Бухоро ҳудудларида яъни, Душанбе, Балжувон ва Ғармда 40 минг нафар кишидан иборат қаршилик кўрсатадиган уч марказ вужудга келди. 21 сентябр куни калтак ва иш қуроллари кўтарган 20 минг нафарлик озодлик курашчилари Душанбега келиб, рус қўшинлари ва Ҳукумат намояндаларининг чиқиб кетишларини талаб қилишди. Шаҳар бир ойдан ортиқ қамалда қолди. Бу пайт Душанбеда икки полкдан иборат бўлган рус гарнизони, РСФСРнинг Шарқий Бухородаги мухтор вакили қароргоҳи ва унчалик катта бўлмаган яҳудийлар маҳалласи
    бор эди. Лақайлардан иборат Иброҳимбек отряди ва мастчоҳликлар бир неча маротиба гарнизонга ҳужум қилишди. Шу орада қамалда қолганларга ёрдам етиб келди. 18 октябр куни руслар Мазори Мавлоно қишлоғида қарши ҳужумга ўтишди, бунинг натижасида мужоҳидларга катта зарар етказилди.
    Тиш-тирноғигача қуролланган ёвуз душманга бас келолмасликларини англаб етган Ўрта Осиёлик истиқлол курашчилари ноилож Афғонистон томон қочиб кета бошлашди. 1920 йил бошларидан то 1930 йилларга қадар ярим миллионга яқин муҳожир тожиклар, ўзбеклар, туркманлар, қирғизлар ва қозоқлар болшевиклардан қутулиш мақсадида Амударёнинг чап қирғоғига ўтиб кетишди.
    Она Тожикистонимизнинг истиқлолга юз тутиб, дориломон замонларга мушарраф бўлишида, бугунги бахтиёр авлод кишиларининг мустақиллик олий неъматидан баҳраманд бўлишида ўша 20-30-йилларда бобокалонларимиз қилган улкан саъй-ҳаракатлар, тўккан қутлуғ қонлар, берган бемисл қурбонларнинг ажри, ибрати озмунча эмас. Уларнинг ёрқин, порлоқ хотираси ҳозирги миннатдор авлод кишиларининг дили, шуурида ҳамиша сақлангуси, фахр-ифтихор туйғуси билан эслангусидир.
    ХХ асрнинг 20-30 йилларида ҳукмрон коммунистик партиянинг маданий қурилиш сиёсати асосан «шаклан миллий, мазмунан социалистик маданият»ни шакллантиришга қаратилди. Зеро, «ленинча маданий инқилоб ғояси»нинг бош мақсади ҳам кўп миллатли советлар мамлакатида ягона социалистик маданиятни таркиб топтириш ва унинг «самара»ларидан СССР барча миллатлари ва халқларини баҳраманд этиш эди. Гарчанд бу маданият миллий белги, шаклларни расман кўзда тутса-да, бироқ у амалда ҳар бир халқнинг ўзига хос тарихий ва маданий меросини, унинг сарчашмаларини инкор этарди. Чунки булар коммунистик мафкура ўлчови ва тамойилларига моҳиятан зид келарди.
    Шу боис бу йилларда тожик халқининг олис асрларга бориб қадалувчи моддий ва маънавий маданияти дурдоналари, осори-атиқаларига, масжиду мадрасалар, гумбазу мақбаралар кўринишидаги ноёб меъморий обидаларига зўр бериб ҳужум уюштирилди. Бинобарин, бу масканларнинг қаровсиз, хароб аҳволга келтирилганлиги ҳам тасодифий ҳол эмас, албатта. Айниқса бунда халқимизнинг қалби, дилидан чуқур жой олган, унинг узоқ асрлик исломий қадриятлари завол топтирилганлигини чуқур таассуф билан таъкидлашга тўғри келади. Ҳатто бу манфур мақсадга эришишда жойларда «Худосизлар жамиятлари» тузилиб, улар орқали диний эътиқод ва тасаввурларга қарши, унинг покдомон пешволарига қарши ҳужумкор атеистик кураш, ташвиқот ва тарғибот авж олдирилди. Бунинг оқибатида юртнинг илғор зиёлилари бўлган қанча-қанчалаб руҳонийлар, эшону муллалар, уламою фузалолар аёвсиз таъқибу қувғинларга дучор этилди ёхуд қирғин қилинди. Уларнинг кўплари жонларини ҳовучлаб оила, бола-чақаси билан не азобу уқубатларни бошдан кечириб, узоқ хорижий юртларга бош олиб кетишга мажбур бўлдилар.
    Қатағонлик ажал машинаси ақли расо, оқ-қорани яхши биладиган, соғлом фикрлайдиган ҳеч бир инсонни аяб ўтирмасди. Хатлон вилояти, Темурмалик ноҳиясининг Қўшқия қишлоғида ўтган асрнинг 70-йилларида Афанди бобо деган эшон бобо яшардилар. У кишининг асл исмларини ҳеч ким билмасди.

    Эшонбобо 30-йилларда бошқа ноҳиядан паноҳ истаб Қўшқияга келадилар. Имон-эътиқодли колхоз раиси «ўзингизни эл наздида ақли заиф кишидек кўрсатасиз. Бошқа илож йўқ» деб маслаҳат беради-да, буғдой хирмонига ишга қўяди. Хирмоннинг бир четида доимо буғдой суғуриб, ҳеч ким билан иши бўлмаган бегона йигит ҳақида сўраган давлатнинг «кўз-қулоқ»ларига раис «Бу бир афанди, дарвиш» дея жавоб беради.
    Шу-шу умрининг охиригача эшонбобонинг номи «Афанди бобо» бўлиб қолади.
    Инсон тақдири била бу қадар ўйнашиш, уни чуқур суриштирмай энг оғир жазога маҳкум этиш – бу тоталитар тузум қонунбузарлиги ва қонхўрлигининг типик намунасидир.
    30-йиллар воқеаларига қайтар эканмиз, бунда шу нарса кишини бениҳоя ажаблатирадики, у даврда инсонни қоралаш, унинг пешонасига халқ душмани тамғасини босиш тузум золимлари учун худди хамирдан қил суғургандай гап бўлган. Ҳатто шундай ҳолларга дуч келиндики, республикалардаги кўп хонадонларда вақти-вақти билан ўтказилган тинтув пайтида мабодо араб ёзувида босилган бирор китоб топилгудай бўлса, унинг номи, мазмуни сўраб-суриштирилмасдан ўша хонадон соҳибига жамиятга ёт унсур деган лаънат тамғаси босилиб, у қамок ёки сургун жазосига ҳукм этилаверарди.
    Масалан, Хоразм вилоятининг Гурлан туманидаги Беговул қишлоғида илмли, яхши фазилатлар билан элга ҳурмат қозонган, аёлларни ўқитиб, саводли қилган табаррук онахон Бибижон Исмоилова бўлган. Бу 80 ёшли инсон диний китоб ўқишда айбланиб, қамоққа олинган. Момо қийноқлар оқибатида қамоқда оламдан ўтган. Ҳолбуки, у кишининг уйига қора қузғунлар бостириб кирган вақтда Бибижон момо ҳамиша ўқиб юрадиган «Ахлоқи Муҳсинин» («Яхши хулқлар») китобини ўқиб ўтирар ва бу асар гўзал инсоний фазилатлар таърифини ҳикоя қиларди. У даврларда ноҳақ айбланиб, муштипар момо сингари фожиали қисматга дучор бўлганлар кўплаб топиларди. Бундай нохуш ҳоллардан саросимага тушган, зада еган одамлар аввалгидек китобхонлик қилиш нари турсин, ҳатто эски китобларни қўлга олишдан ҳадиксирардилар. Бугунги Хатлон вилоятининг Темурмалик ноҳиясидаги Чиллатош қишлоғида «Санги китобҳо» деган тоғдан ўсиб чиққан улкан тош бор. Тошнинг бундай аталишига сабаб ўтган асрнинг 20-30 йилларида шафқатсиз тузум зулмидан юракзада бўлган Чиллатош, Зангибобо, Муродбахш, қирма ва Тошбулоқ қишлоқларининг зиёли аҳолиси уйларида бўлган араб алифбосидаги китобларни ерга кўмса чириб увол бўлмасин учун, ана шу улкан тошнинг қуруқ кавагига келтириб ташлашган. Бу эса кўплаб юртдошларимизнинг баттол тузум майлига мослашиб, маънан ва руҳан чўкиб, тарихий ўтмишимизнинг теран сарчашмаларидан бебаҳра бўлиб боришларига боис бўлган.
    Хулоса, дунё эътироф этган юзлаб адиблар, олиму фузалолар томонидан «Даҳшат салтанати» номланган шўролар замонасининг халқимиз маънавиятига етказган жароҳатлари ҳақида кўп гапириш мумкин. «қатрада денгиз мужассам», деганларидек Марина Корецнинг «Труд» газетасида босилган «Ўзини тириклай кўмган инсон» сарлавҳали мақоласини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

  • ЎЗИНИ ТИРИКЛАЙ
    КЎМГАН ИНСОН

    Украинанинг Мончинса қишлоғида яшовчи ҳукумат таъқибидан даҳшатга тушган Степан Ковалчук ўз уйининг болохонасида 57 йил давомида яшириниб ётди. ҳол-аҳволидан хабардор бўлиб турган синглисининг ўлими охир-оқибат уни узлатнишинликни тарк этишга мажбур этди.
    …Босиқ, камсуқум, эндигина ўн саккизга кирган Степан раҳматлик онаси билан биргаликда Почаево-Успенский лавр христиан ибодатгоҳларини зиёрат қилиб ўз қишлоғи Мончинсага қайтаётган чоғи кутилмаганда бомба портлашларини эшитиб, ёнаётган қишлоқлар, тилка-пора этилган жасадлар ва қулоқни батанг келтирувчи немисча бақириқ-чақириқка дуч келди. Даҳшатдан қалт-қалт титраётган она-бола ўрмон оралаб, ярим тунда душман томонидан ишғол қилинган она қишлоқларига, туғилиб-ўсган уйларига кириб келишди.
    -Воҳ, Худойим, тирикмисизлар?!- дея она-боланинг бўйнидан қучоқлаб олган синглиси Меланка ҳиқиллаб овозсиз йиғлаганча шоша-пиша гапирарди: бу ерда қиёматни қойим қилишди! Фашистлар ёшларни ёппасига Германияга жўнатишяпти. Мен ўзимни жинниликка солиб қутилдим. Лекин сен – Степашка тезда яширинишинг керак. Аҳвол чатоқ. Йигит бу хавфли кунларда болохонага яширинишга қарор қилди. Уни сўраган кишиларга эса Меланя билан онаси «Стёпа Погасвада монах бўлиб қолди», деб жавоб беришни маслаҳатлашиб олдилар.
    Совет Армияси фашистларни қишлоқдан ҳайдаб чиқаргандан кейин эса у болохонадан тушишга ботинолмади. Уч йиллик узлатнишинлик ўз ишини қилганди. У энди ҳамма нарсадан: одамлардан ҳам, қуёш нурдиан ҳам қўрқарди.
    Уларнинг қишлоғидан 33 киши фронтга кетиб 14 нафари қайтиб келди. Қишлоқ аҳли Буюк ғалабани нишонладилар. Тўйлар бўлди, фарзандлар туғилди. Қўшни қишлоқлик келишган бир йигит Меланяга уйланмоқчи ҳам бўлди. Аммо бояқиш қизгина куёв акамнинг сирини фош қилмасин тағин,- деган ҳадик билан ўз бахтини рад этди. Стёпа эса болохона тирқишидан қишлоқнинг бир четидан кўз узмай ўтираверди.
    Кейинчалик журналистларнинг саволларига у тўғридан-тўғри жавоб берди:
    «Қўрқардим, жуда ҳам қўрқардим. Қўрқув даҳшати мендан кўра кучли эди». Меланя бутун қишлоқда ягона тикувчи эди. У буюртмаларни тикув машинасида тикар, тугма қадаш, жияк тикиш каби қўл ишларини эса Стёпа бажарарди. Шунингдек у бекорчиликдан зерикиб қолмаслиги учун диний лавҳаларни оригиналга ўхшатиб кўчирарди.
    Тикишни ўрганиш учун Меланяга шогирд тушган қиз-жувонларнинг йиғилиб олиб узоқ лақиллашлари Стёпа учун жуда оғир лаҳзалар эди. Тирик жон эмасми, увишган оёғини узатиши бор, йўталиши мумкин, кутилмаганда тушкурса борми?
    Хотинлар сергак тортиб:
    -Меланя, уйларингда ўғри-пўғри борми, дейман, – дейишарди ваҳима қилиб. Хайрият уйда мушук бор эди ва Меланя бор айбни ўша бояқишга тўнкарди.
    Степан синглисидан қишлоқда ким уйланганини, ким турмушга чиққани, ким ўлиб, кимнинг фарзанд кўрганини синчковлик билан сўраб билиб оларди. У доимо ётоқ жойи рўпарасига икона билан биргаликда Сталиннинг ҳам портретини осиб қўйганди. Тўрт фаслдан иборат йил Степан учун икки фаслдан иборат эди. Ёзда ўргимчак ва сувараклар билан бирга яшаб, қишда тўшагини печканинг трубасига яқин тортиб, исиниб ётарди. 57 йил давомида Степан фақат бир маротаба 1951 йилнинг гўрдек қоронғу кечаси — онаси ўлган кеча болохонадан чиқди. Қоронғу бурчакда туриб овозсиз йиғлади. Уйнинг атрофини айланиб чиқди-да, яна доимий яшаш жойига кўтарилди. Шу билан оилавий сирнинг яккаю ёлғиз махфий тутувчи мушфиқ-меҳрибон Меланянинг ўлимигача болохонани тарк этмади.
    Ўлим тўшагида ётган Меланя 1999 йилнинг сентябр ойида имиллаб-симиллаб зўрға болохонага кўтарилди-да, акасига деди: «Мана, сенга сув ва сухари. Мен ўламан. Тўққиз кундан сўнг одамларнинг ҳузурига чиқ. Ҳеч нарсадан қўрқма».
    Озғин, қоқ суяк, юз-кўзларини ажин қоплаган мўйсафид, қуёш ёруғини қўллари билан тўсиб, қалтироқ оёқларида зўрға бир-бир қадам босиб чиқиб келганда табиийки, ҳеч ким уни қачонлардир йўқолиб қолган Степан деб ўйламади ҳам. Унинг иқрорига ҳам ишонгилари келмасди…
    Степан яхши замонада ёруғ оламга чиқди. Ўзи кутган нафрат ва ғазаб ўрнига қишлоқдошлари уни яхши кутиб олишди. У қаҳрамонга айланди. Мончинса қишлоғига ажойиб-ғаройиб тақдирли одамни кўриш учун кимлар келмайди, дейсиз. Лондон, Вашингтон, Токио, Варшава, Копенгагендан журналистлар, суратчилар, телерепортёрлар келишди.
    Аммо бу шон-шуҳрат Ковалчукнинг ўзига мутлақо тегишли эмасдек. У уйдан фақатгина вафот этган қишлоқдошининг жанозасига чиқар, аввалгидек Инжил ўқир, ибодат қиларди.
    -Уруш қурбони,- чуқур оҳ тортади қишлоқ жамоати бошлиғи Борис Петрук,- Степан Ковалчук қабри устидаги қоғоз гулчамбарни тўғриларкан. –Биз уни бутун қишлоқ аҳли эҳтиром билан кўмдик. Болохонада у яширинган клба эса энди ҳеч кимга керак эмас. Кўп ўтмай тўкилиб адо бўлади. Ортиқча пул бўлганида эди, Худо ҳаққи, бу кулбани музейга айлантирардим. Ўзини тириклай кўмган инсон музейига.

    PS: Менга қолса, бу музейни «Даҳшат салтанати қурбони музейи» деб атаган бўлардим.
    Из газеты «Труд-7»; события недели от 01. 08. 2002г. стр – 9. Мария Корец – соб. корр. «Труда». Хмельницская область, село Мончинцы.